«Краснодар» клуби ва Кабо-Верде миллий жамоаси яримҳимоячиси Кевин Ленини ЖЧ–2026 доирасида Уругвай дарвозасига урган голи билан тарихий натижага эришди.
MisterChip маълумотига кўра, Кабо-Верде жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк голини жарима зарбасидан урган иккинчи миллий жамоага айланди.
Қайд этилишича, бундан аввал мундиаллар тарихида фақат Аргентина миллий жамоаси шундай натижани қайд этган. Аргентиналиклар 1930 йил 15 июль куни Францияга қарши баҳсда Луис Фелипе Монти томонидан киритилган жарима зарбаси эвазига жаҳон чемпионатларидаги илк голини нишонлаган эди.
Шу тариқа, орадан 96 йил ўтиб Кабо-Верде миллий жамоаси ушбу ноёб натижани такрорлади.
Эслатиб ўтамиз, Кевин Ленини Уругвайга қарши баҳснинг 21-дақиқасида ҳисобни очиб, Кабо-Верде тарихидаги мундиаллардаги илк гол муаллифига айланганди.
Маълумот учун, ЖЧ–2026 гуруҳ босқичининг сўнгги турида Кабо-Верде миллий жамоаси Саудия Арабистонига қарши майдонга тушади. Уругвай эса Испания миллий жамоаси билан куч синашади.