«Манчестер Юнайтед»нинг собиқ ҳужумчиси Уейн Руни Испания миллий жамоаси вингери Ламин Ямал ҳақида илиқ фикрлар билдирди.
Ямал ЖЧ–2026 гуруҳ босқичи 2-турида Саудия Арабистонига қарши баҳсда (4:0) гол уриб, жамоасининг ғалабасига ҳисса қўшганди.
«Месси ва Криштиану Роналдунинг ҳануз жаҳон чемпионатида ўйнаётганининг сабаби уларнинг футболга бўлган муносабати ва фидойилигидир. Улар ҳамма нарсани тўғри қилишди. Ямал ҳам шу йўлдан боришига умид қиламан.
Мени энг кўп ҳайратга соладиган жиҳат шуки, Месси «Барселона»нинг ўша жамоасига келганида, у ерда аллақачон кўплаб буюк футболчилар бор эди ва Роналдинё ҳам ўйнаётган эди. Ямалнинг ҳолати эса бироз бошқача. У «Барселона» ва Испания миллий жамоасига келди ҳамда бу аллақачон унинг жамоасига айланган. У асосий етакчи. Ҳамма унга қарайди ва айнан у ғалаба келтиришини кутади.
У Европа чемпионатидаги ғалабада жуда катта рол ўйнади ва ушбу жаҳон чемпионатида ҳам Испания миллий жамоаси учун муҳим фигурага айланади.
Мени энг кўп таассуротлантирадиган жиҳат ҳам шу — у шундай ёшида катта босимни ўз зиммасига оляпти. Энди унинг кейинги 15-20 йил давомида ҳам шу даражани сақлаб қолишига умид қилиш қолади», — деди Руни.
Эслатиб ўтамиз, Ламин Ямал Саудия Арабистонига қарши баҳсда ҳисобни очиб берган ва жаҳон чемпионатларидаги илк голини урган эди.
Маълумот учун, 17 ёшли футболчи Евро–2024 ғолиби ҳисобланади ва ҳозирда «Барселона» ҳамда Испания миллий жамоасининг етакчиларидан бири сифатида эътироф этилмоқда.