Белгия миллий жамоаси дарвозабони Тибо Куртуа жаҳон чемпионатларидаги ўйинлар сони бўйича мамлакат рекордини такрорлади.
Бу ЖЧ–2026 гуруҳ босқичининг 2-турида Эрон миллий жамоасига қарши баҳсдан (0:0) кейин содир бўлди. Куртуа ушбу ўйинда тўлиқ 90 дақиқа ҳаракат қилди ва мундиаллардаги учрашувлари сонини 17 тага етказди.
ФИФА расмий сайти маълумотига кўра, белгиялик посбон ушбу кўрсаткич бўйича миллий жамоа афсонаси Энцо Шифо билан тенглашди. Шифо Белгия миллий жамоаси сафида 1984–1998 йиллар оралиғида ўйнаган ва мундиалларда 17 та баҳсда иштирок этган.
Қайд этиш жоиз, Куртуа жаҳон чемпионатларида ўтказган 17 баҳсининг 8 тасида ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолган.
Эслатиб ўтамиз, Белгия миллий жамоаси Эрон билан голсиз дуранг ўйнади ва гуруҳдаги икки турдан сўнг 2 очко жамғарди.
Маълумот учун, 34 ёшли дарвозабон Белгия миллий жамоаси сафида жами 111 та баҳсда майдонга тушган. Унинг ҳисобида 57 та «қуруқ» ўйин мавжуд.