Белгия миллий жамоасининг жаҳон чемпионатларидаги ғалабасиз серияси тўртта баҳсга етди.
ЖЧ–2026 гуруҳ босқичининг 2-турида Эрон билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган белгияликлар ушбу турнирдаги иккинчи ўйинида ҳам ғалаба қозона олмади. Аввалроқ жамоа Миср билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этганди.
Қайд этиш жоиз, Белгия миллий жамоасининг мундиаллардаги сўнгги ғалабаси ЖЧ–2022 гуруҳ босқичида Канадага қарши баҳсда қайд этилган. Ўшандан сўнг жамоа Марокашга 0:2 ҳисобида мағлуб бўлган, Хорватия билан эса 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган.
Эслатиб ўтамиз, Роберто Мартинес бошқарган Белгия миллий жамоаси ЖЧ–2022да гуруҳда учинчи ўринни эгаллаб, плей-офф босқичига чиқа олмаганди.
Маълумот учун, ЖЧ–2026 гуруҳ босқичининг икки туридан кейин Белгия ҳисобида 2 очко мавжуд. Жамоа гуруҳдаги сўнгги баҳсини 27 июн куни Янги Зеландия миллий жамоасига қарши ўтказади.