«Бавария» бош мураббийи Венсан Компани Чемпионлар лигаси яримфинали доирасида «ПСЖ»га қарши жавоб баҳси олдидан фикр билдирди.
«Бу ҳар доим жамоаларга боғлиқ. Агар улардан бири орқага чекиниб, кўпроқ ҳимояланса, ўйинда сокинроқ паллалар бўлиши мумкин. Аммо бу босқичга олиб келган услубдан воз кечишларини тасаввур қилиш қийин. Биз ўз майдонимизда ўйнаймиз, ғалаба қозонишни истаймиз ва бунинг учун ҳамма нарсани қиламиз», — деди Компани Bayern & Germany саҳифасига.
Мутахассиснинг таъкидлашича, жамоанинг асосий вазифаси — ҳар бир баҳсда ғалаба қозониш.
«Бизнинг вазифамиз — ўйинларда ғалаба қозониш. Бунга ёрдам берадиган ғояларимиз бор. Биз ҳам, «ПСЖ» ҳам кўплаб ғалабаларни қўлга киритганмиз. Охир-оқибат, ғалаба учун рақибдан битта гол кўп уриш керак. Агар буни гол ўтказмасдан амалга оширсангиз, бу энг яхши натижа бўлади», — деди мутахассис.
Маълумот учун, дастлабки беллашув Парижда бўлиб ўтган ва унда «ПСЖ» 5:4 ҳисобида ғалаба қозонганди. Жавоб ўйини 6 май куни Мюнхенда ўтказилади.