Live
18
Ўзбек

Иван Бошкович: «Машъал»нинг қандай қилиб атиги тўрт очко жамғарганига ҳайронман»

Эксклюзив
22 октябр, 12:57
Бошкович фикрларини айтди.
Иван Бошкович: «Машъал»нинг қандай қилиб атиги тўрт очко жамғарганига ҳайронман»
Фото: Tribuna.uz
22.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 2 : 1 Машъал Машъал

«Бунёдкор» ва «Машъал» (2:1) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманида тошкентликлар бош мураббийи Иван Бошкович фикрларини айтди.

- Айтишим мумкинки, жуда қийин ўйин бўлди. Осон учрашув бўлишини кутмагандим, аммо бунчалик мураккаб кечишини ҳам тасаввур қилмаган эдим.
Менимча, биз ўз футболимизни намойиш эта олмадик. Жамоамиз бундан ҳам яхшироқ даражада ўйнай олади. Очиғини айтсам, рақиб бизнинг ўз ўйинимизни кўрсатишимизга имкон бермади. Футболчиларимиздан талаб қилаётган футболимиз шу эди. Шунинг учун бу ғалаба жуда муҳим, деб айта оламан.

Биринчи бўлимда диққатни жамлаш борасида муаммолар бўлди. Кўплаб болаларча хатоларга йўл қўйдик. Балки, майдонга бироз хотиржамлик билан тушгандирмиз. Рақибнинг атиги тўрт очкоси борлигини ўйлаб, футболчиларимиз руҳий жиҳатдан бўшашган бўлиши ҳам мумкин. Мен уларни огоҳлантиргандим, аммо бу ҳолат барибир таъсир қилди.

Биринчи бўлимда «Машъал»нинг ҳам, бизнинг ҳам яхши вазиятларимиз бўлди. Шунга қарамай, биринчи бўлимнинг ўзидаёқ ҳисобни ўзгартиришга муваффақ бўлдик. «Машъал»ни яна бир бор мақтамоқчиман. Бу жамоанинг қандай қилиб атиги тўрт очко жамғарганига ҳайронман. Улар жуда кучли қаршилик кўрсатишди.
Иккинчи бўлимда вазиятни бироз тўғриладик, диққатни яхшироқ жамладик.

«Машъал»да аввалгидек ёрқин вазиятлар кўп бўлмади, биз эса ўйинни назорат қилдик. Учрашувни анча олдин ҳал қилишимиз мумкин бўлган бир нечта яхши имкониятларимиз ҳам бўлди. Аммо ўйиннинг сўнгги 10–15 дақиқасида ҳамма бироз асабийлашди. Футболчилар ҳам, захира ўриндиғи олдида турган биз ҳам ҳаяжонландик.

Ўз футболчиларимни ҳам, «Машъал» футболчиларини ҳам яхши ўйин билан табриклайман. Менимча, бу учрашув барча учун қизиқарли кечди. Ҳозирги вазиятда биз учун ушбу уч очко жуда муҳим эди.

- Сўнгги ўйинларда Ислом Муҳаммадов ҳудудни яхшироқ ҳис қилаётгани, майдонда ўз позициясини топиб, фаолроқ ҳаракат қилаётганини кўряпмиз. Бу сизнинг талабингиз натижасими ёки рақибга боғлиқ ҳолатми?

- Биз футболчилардан айнан шуни талаб қиламиз. Буни нафақат мен, балки бутун мураббийлар штаби талаб қилмоқда. «Бунёдкор» қандай футбол ўйнаши кераклигини яхши биламиз. Футболчиларимиз малакали ва жуда иқтидорли. Ўйинлар давомида уларнинг ўзига бўлган ишончи ортиб боради. Мен улар бундан ҳам яхшироқ ўйнай олади, деб ҳисоблайман.

Айниқса, сўнгги бир нечта учрашувда уларнинг ўзаро ҳамкорлигида ўзгаришларни сезяпман. Албатта, натижа учун бўлган босим ҳам таъсир қилади. Лекин футболчиларнинг ўзлари ҳам ҳужумда янада фаолроқ ҳаракат қилишлари мумкинлигини ҳис этишяпти, деб ўйлайман. Умид қиламанки, нафақат улар, балки бутун жамоамиз ҳужумда янада фаол ўйнаб, кўпроқ гол ура олади. Бугун иккита гол урганимиз қувонарли. Бундан ташқари, яна бир нечта яхши имкониятларимиз бўлди.

Ҳозир олдимизда 15 кунлик танаффус бор. «Нефтчи»га қарши учрашув 14-санасига кўчирилгани сабабли, 6-санагина кейинги ўйинимиз бўлади. Шу вақт давомида жароҳати бор ёки сариқ карточкалари туфайли муаммоларга дуч келган футболчиларимиз оптимал жисмоний ҳолатга қайтиб олишлари мумкин. Менимча, бу келгусида жамоамизни янада кучайтиради.

- «Нефтчи»га қарши учрашувнинг ФИФА кунларига кўчирилгани футболчиларнинг ўйин амалиётини йўқотишига олиб келмайдими?

- Аксинча, бу бизга қўшимча вақт беради, деб ўйлайман. Кривокапич, Плетнёв, Олимжонов, ҳатто Носиров, шунингдек, Абдусаломов каби футболчиларимиз бор. Абдусаломов бугун ўзини унчалик яхши ҳис қилмади, шунинг учун таваккал қилишни истамадик.

Бу футболчилар биз учун жуда муҳим. Улар тажрибали ўйинчилар ҳисобланади. Ўйлайманки, ушбу танаффус уларнинг тикланишига, жамоамиз ўйини сифатини янада оширишга ёрдам беради. Натижада бошқа рақибларга қарши ҳам янада рақобатбардош бўламиз.

- Сўнгги кунларда чемпионат форматини «куз-баҳор» тизимига ўзгартириш бўйича таклифлар борлиги айтилмоқда. Мутахассис ва мураббий сифатида бу борадаги фикрингиз қандай?

- Мураббий сифатида мен сифатли футболни кўришни ҳам, ўйнатишни ҳам истайман. Бунинг учун, энг аввало, яхши майдонлар керак. Шунда мухлислар ҳам, биз ҳам футболдан завқ оламиз. Афсуски, сўнгги икки йилда майдонлар сифатида муаммолар кузатилмоқда. Айниқса, ёз ва қиш ойларида бу яққол сезилади. Машғулотлар жараёнида ҳам қийинчиликлар бор.
Шунинг учун бу масалани атрофлича таҳлил қилиш, янги тизимнинг афзалликлари ва камчиликларини ўрганиш зарур. Аммо менимча, агар ноябр, декабр, январ ва феврал ойларида футбол ўйнайдиган бўлсак, майдонлар сифатли футбол намойиш этиш имконини бермаслиги мумкин.

Мени айнан шу жиҳат ташвишлантиради. Агар бошқаларнинг фикри бошқача бўлса, биз ўз ишимизни бажаришда давом этамиз. Лекин барчамизнинг мақсадимиз футбол сифатини ошириш бўлиши керак.

Замонавий футбол энди ботқоққа айланган майдонларда ўйналмайди. Бугунги футбол учун мукаммал, сифатли майдонлар керак. Чемпионлар лигасини кузатинг: агар майдонларимиз ёздаги каби ҳолатда бўлса, бундай майдонларда қандай футбол кўрсатиш мумкин?», - дея Бошковичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Машъал Машъал
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар