Live
18
Ўзбек

Сергей Лушан: «Матбуот анжуманига келаман-у, нима ҳақида гапиришни билмайман»

Эксклюзив
22 октябр, 13:19
Лушан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида фикрларини айтди.
Сергей Лушан: «Матбуот анжуманига келаман-у, нима ҳақида гапиришни билмайман»
Фото: Tribuna.uz
22.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 2 : 1 Машъал Машъал

Бугундан Суперлиганинг 25-турига старт берилди. Илк ўйин Тошкентда «Бунёдкор» ва «Машъал» иштирокида ўтиб, унда тошкентликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонди.
Муборакликлар бош мураббийи Сергей Лушан учрашувдан кейинги матбуот анжуманида фикрларини айтди ва саволларга атрофлича жавоблар қайтарди.

- Қисқа қилиб айтганда, одатдагидек. Асосий сўз — «одатдагидек». Биз яна одатдагидек 1:2 ҳисобида мағлуб бўлдик. «Бунёдкор»ни ғалаба билан табриклайман. Содир бўлиши керак бўлган воқеа содир бўлди. Энди қўшимча қиладиган гапим ҳам қолмади. Матбуот анжуманига келаман-у, нима ҳақида гапиришни билмайман. Аммо муаммолар ҳамон ўз ечимини топмаяпти.

- Ҳозирги «Машъал»нинг ҳолатини кўриб турибмиз. Жамоа сиз истаган даражага аста-секин чиқиб бормоқда. Албатта, бирданига юқори ўринларга кўтарилиб кетиш қийин. Шунга қарамай, ёш футболчилар ҳаракатида ўзгаришлар сезиляптими?

- Ёш футболчилар дарров сиз истаган даражада ўйнаб кетмайди. Лекин уларда жуда катта ўзгариш бор, айниқса, ёшларда. Уларнинг кўпчилиги учун бу катта футболдаги илк тажриба ҳисобланади.

Масалан, бугун Лазизовни майдонга туширдик. У U-19 жамоаси сафида бир неча бор ўйнаган. Биз унга шунчаки ўзини синаб кўриш имкониятини бердик. Ёшларнинг ўзини қандай кўрсатиши, психологик жиҳатдан қанчалик барқарорлиги ва машғулотлар жараёнида ўзини қандай тутишини кузатяпмиз. Уларда яхши салоҳият борлигини кўряпмиз.

Аммо расмий лига ўйинларида майдонга тушиш бутунлай бошқа масала. Бу ерда масъулият юки жуда катта. Шунинг учун уларни синчковлик билан кузатиб, кейинги мавсумга ҳам тайёргарлик кўряпмиз.

Мавсум охиригача жамоанинг асосий ўзагини шакллантириб олишимиз керак. Шунда мавсумлар оралиғида қайси позицияларга футболчилар таклиф қилиш зарурлигини аниқ белгилай оламиз. Айрим позициялар кучайтиришни талаб қилиши аниқ.

Умуман, ёшлардан мамнунман. Улар ҳаракат қилишяпти, кимдир яхши, кимдир унчалик эмас. Бугун, масалан, Жавлиев ўзини кутилган даражада кўрсата олмади. Лекин у яхши йигит, атиги 18 ёшда ва яхши ўйинлар ўтказяпти. Менимча, унинг келажаги катта. Бошқа ёшларимиз ҳам ёмон эмас. Уларни ҳозирдан кейинги мавсумга тайёрлаяпмиз.

- Бугун майдонда ўзаро тенг, ёш футболчилардан ташкил топган икки жамоа ўйнади. «Бунёдкор»нинг ҳам, «Машъал»нинг ҳам академияси бор. Уларнинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?

- Менимча, «Бунёдкор» академияси ҳали ҳам Ўзбекистондаги энг яхши академиялардан бири. Албатта, ҳозир у ерда қандай вазият эканини тўлиқ билмайман. Қарздорликлар туфайли катта қийинчиликлар борлигини эшитяпман. Бу муаммолар бутун клубга, жумладан, академияга ҳам таъсир қиляпти.
Кеча ҳам айрим йигитлар билан гаплашдик. Мен футболдаги жараёнларни доим кузатиб бораман. «Бунёдкор» академиясида бир вақтлар йўлга қўйилган тизим жуда кучли эди. Ҳозир уни аввалги даражада деб айтмаган бўлардим. Лекин «Машъал» ва «Бунёдкор»ни таққослайдиган бўлсак, селекция борасида «Бунёдкор»нинг имкониятлари барибир юқорироқ бўлади.

Иккинчидан, футболчиларнинг сони ва сифатида ҳам фарқ бор. Бундай имкониятлар тенг эмас. Агар молиявий жиҳатдан тенг шароитга эга бўлганимизда эди, ҳозирги вазиятдан фарқли ўлароқ, бошқача ишлашимиз мумкин бўларди. Ростини айтсам, жуда хавотирдаман. Ўйиндан олдин ҳам соҳа мутахассислари билан гаплашдик. Ҳамма футболимиз келажаги ҳақида ўйлаяпти.
Агар клубларни молиялаштиришдаги бу вазият давом этса, академиялар тақдири нима бўлади? Ўзбекистонда футбол академиялари қандай ривожланади? Агар келаси йили пролига ҳам молиялаштирилмаса, нима бўлади? Миллий жамоа учун футболчилар қаердан етишиб чиқади?

Жаҳон чемпионатига чиққан миллий жамоамиз — ўн беш йиллик меҳнат маҳсули. Биз бу натижага бир кунда эришмадик. Агар ҳозир шу тизимни барбод қилсак, яна ўттиз йил миллий жамоамизнинг шундай муваффақиятини кутиб юришимиз мумкин.

Агар Осиёнинг энг яхши академияларидан бири шундай оғир аҳволга тушиб қолса, футболимизнинг келажаги қандай бўлади? Нима қилиш керак? Балки, биз билмаган қандайдир режалар бордир. Аммо футболда қирқ-эллик йилдан бери ишлаётган мутахассислар билан ҳар куни гаплашамиз, улар ҳам вазиятдан чиқиш йўлини тушуна олмаяпти.

Бу соҳага энди кириб келган ёш мураббийлар нима ҳам қила оларди? Шунинг учун бу савол мен учун ҳам жуда муҳим. Кейин нима бўлишини, футболимизнинг келажаги қандай кўриниш олишини тушуниб олишни истайман.

- Келаси мавсумдан ўзбек футболида «куз-баҳор» тизимига ўтилиши мумкинлиги ҳақида гапирилмоқда. Ҳозирча бу фақат лойиҳа. Мутахассис сифатида ушбу тизимнинг афзалликлари ва камчиликлари ҳақида нима дея оласиз?

- Менимча, бу ёмон ғоя эмас. Тушунишимча, бу ўзгариш миллий жамоалар ёки Осиё ўйинларини ҳисобга олган ҳолда таклиф қилинмоқда. Тўғрими? Клубларимиз Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этади. Ҳозирги тақвимда баъзи жамоалар икки ойгача расмий ўйин амалиётисиз қолиб кетади, кейин эса яна мусобақага қайтишига тўғри келади. Шу нуқтаи назардан, бу таклифда мантиқ бор.
Қолаверса, биз Новосибирскда яшамаймиз. Ўзбекистон иқлими йилнинг бошқа даврларида ҳам футбол ўйнаш имконини беради. Агар янги тизим Осиё мусобақалари тақвимига мос келса, бунинг ижобий жиҳатлари бўлиши мумкин.
Албатта, бу ғояда фойдали жиҳатлар бор. Лекин ҳамма нарсани яхшилаб ўйлаб кўриш керак. Биз бундай тизимда ишлаб кўрмаганмиз. Клублар мавсумлараро танаффусда хорижда, масалан, Беларусда йиғин ўтказиши мумкин. У ерда ёзги тайёргарлик учун шароитлар яхши.

Бироқ бу масалага фақат бир томонлама қараб бўлмайди. Молиялаштириш, клубларнинг имкониятлари ва бошқа кўплаб жиҳатларни ҳисобга олиш зарур. Бу борада мендан кўра билимлироқ мутахассислар бор. Шунинг учун барча омиллар чуқур ўрганилиши керак.

Бизни энг кўп ташвишга солаётган масала — клублардаги молиявий муаммолар. Жаҳон чемпионатига чиқиш учун йигирма йиллик меҳнат қилинган. Ҳозир эса клубларимиз яхши, сифатли легионерларни таклиф қилишга ҳам қийналяпти.
Мен Россиядаги футболчилар билан ҳам доимий мулоқотдаман. У ерда ҳам хорижлик футболчиларнинг сифати ва бозорга чиқиш имкониятлари бўйича муаммолар бор. Агар бизда ҳам чемпионат савияси тушиб кетса, бу миллий жамоага ҳам таъсир қилади.

Агар энг яхши футболчиларимиз хорижга кетиб, маҳаллий чемпионатда ўртача савиядаги футболчилар қолса, чемпионатимиз ҳам ўртача даражага тушиб қолади. Миллий жамоани фақат хорижда ўйнаётган легионерлар билан кучайтириб бўлмайди. Бунинг учун кучли миллий чемпионат керак.
«Манчестер Сити»да Кевин Де Брюйне каби футболчи ўйнаётгани билан бутун бир мамлакат терма жамоаси кучли бўлиб қолмайди. Албатта, юқори савияли футболчилар терма жамоага ёрдам беради. Аммо терма жамоанинг асосини миллий чемпионатда мунтазам ўйнаётган футболчилар ташкил этади.
Агар чемпионатимиз ўртача ёки ундан ҳам паст савияда бўлса, миллий жамоамизнинг кучли бўлиши қийин. Бу нафақат менинг фикрим, балки кўплаб мутахассислар ҳам шундай фикрда бўлса керак.

- Шукуриллаевнинг ҳозирги ҳолати қандай? Унинг жароҳати бўйича дастлабки ташхисда олдинги крестсимон боғламнинг қисман узилиши, мениск ва ён боғламнинг чўзилиши айтилган эди.

- Билмайман. Мен шифокор эмасман, тиббий мутахассис ҳам эмасман. Лекин менга кўрсатилган тасвирлар ва айтилган ташхис ўртасида қандайдир номувофиқлик бордек туюлди.

Агар ташхисда айтилган жароҳатлар ҳақиқатан ҳам шундай бўлса, футболчи анча вақт футболдан четда қолиши керак эди. Аммо бир ҳафтадан кейиноқ югура бошлагани менга тушунарсиз. Балки, текширув нотўғри ўтказилгандир ёки у тегишли мутахассисга мурожаат қилмагандир. Аниқ айта олмайман. Ҳозир у ҳақиқатан ҳам жароҳатланган. Умид қиламизки, келаси мавсумгача тикланиб олади.
Замонавий тиббиёт анча ривожланган. Масалан, мениск билан боғлиқ баъзи жароҳатлардан кейин футболчи икки ҳафта ичидаёқ майдонга қайтиши мумкин. Ҳозирги тиббиёт шундай имкониятларга эга.

Менинг фикримча, агар мениск билан боғлиқ муаммо қайта-қайта такрорланаётган бўлса, уни жиддий кўриб чиқиш керак. Айтайлик, футболчи бир тиббий марказга боради, унга операция керак эмас, мушакларни кучайтириш кифоя, дейишади. У бир ҳафтадан кейин майдонга қайтади, кейин эса мениск билан боғлиқ муаммо яна пайдо бўлади.

Менимча, бундай ҳолатда операция масаласини тезроқ ҳал қилиб, кейин тикланиш жараёнини бошлаш керак. Бу шахсий фикрим. Ўзимнинг оёқларимда тўққиз марта операция ўтказилган. Мениск жароҳатидан кейин бир ҳафта ўтиб майдонга қайтган пайтларим ҳам бўлган. Албатта, крестсимон боғлам жароҳатларида тикланиш муддати бошқача бўлади.

- Академиялар мавзусини давом эттирсак. Сиз «Бунёдкор» академиясини алоҳида таъкидладингиз. «Машъал» академияси ҳақида нима дейсиз? Тарихга назар ташласак, Муборак клуби ҳам кўплаб иқтидорли футболчиларни етиштириб чиқарган. Масалан, Элдор Шомуродов каби футболчилар шу тизимдан етишиб чиққан.

- Яна ўша масалага келамиз — молиялаштиришга. Тўғри тушунинг, ўтган йилги ҳолатни олайлик. Клубда молиялаштириш мавжуд бўлган пайтда, бош ҳомий UNG эди. Маблағлар ўз вақтида ажратилар, тўловлар ўз вақтида амалга ошириларди. Академия, овқатланиш, сафарлар ва бошқа зарур харажатлар таъминланарди. Ишлаш учун шароит бор эди.

Ҳозир эса бундай имкониятлар йўқ. Биз селекция ўтказишга, янги футболчиларни таклиф қилишга ҳам қийналяпмиз. Чунки уларни қандай шароит билан таъминлашимизни билмаймиз.

Ҳозир U-19, дубл ва асосий жамоа бирга машғулот ўтказяпти. Баъзан ёшларни тушлик қилишлари учун асосий жамоа жойлашган ҳудудга олиб келамиз. Вазият шу даражага етган.

Одамлар ишлашни истамай қўйишяпти. Майдонларга қаранг: бош директор ходимларни майдонларни суғоришга кўндиришга ҳаракат қиляпти. Чунки уларнинг маошлари тўланмагани сабабли ишчилар кетиб қолган.
Клуб фақат футболчилар, мураббийлар ва бош директордан иборат эмас. Ошпазлар, ҳайдовчилар, техник ва хизмат кўрсатувчи ходимлар ҳам бор. Уларнинг ҳаммасига ҳақ тўлаш керак. Агар бунинг имкони бўлмаса, клуб тўлақонли фаолият юрита олмайди.

Албатта, қаердадир бир иқтидорли болани топишимиз мумкин. Лекин бу академиянинг тизимли иши эмас. Академия фаолиятининг асоси — селекция. Селекция бўлими ходимлари эрталабдан кечгача вилоятларни айланиб, иқтидорларни излаши керак. Ҳатто Тошкентдан бирор футболчини топган тақдирингизда ҳам уни Муборакка таклиф қилиш, муносиб шароит яратиш зарур. Бунинг учун маблағ керак. Акс ҳолда тизим эртами-кечми барбод бўлади.

Хориждаги академиялар тажрибасини олайлик. Уларнинг баъзилари футболчиларнинг жуда кичик қисмини 17 ёшида сотиб, шу орқали харажатларини қоплайди ва даромад олади. Харажатлари нисбатан кам бўлиши мумкин, лекин тизим тўғри ишлагани учун самара беради.

Бизда эса ҳозирги вазият шундай. Бу муаммо фақат «Машъал»га тегишли эмас. Ўйиндан олдин «Бунёдкор» вакиллари билан ҳам гаплашдик. У ерда ҳам жиддий қийинчиликлар бор.

Бу масалани ҳал қилиш керак. Федерация раҳбарияти ҳам бу муаммоларга бефарқ эмас, деб умид қиламан. Вазият жуда мураккаб. Агар келаси йилгача муаммолар ҳал қилинмаса, хоҳ «куз-баҳор», хоҳ «баҳор-куз» тизимига ўтмайлик, барибир натижа бўлмайди. Маблағ бўлмаса, ҳеч нарса қилиб бўлмайди.
Футбол, умуман, спорт ҳам молиявий кўмакка муҳтож. Футбол дунёдаги энг оммабоп спорт тури. Уни ривожлантириш учун жиддий маблағ талаб этилади. Албатта, клубларни хусусий секторга бериш яхши ғоя. Лекин бу жараёнга босқичма-босқич етиб боришимиз керак. Бунинг учун мамлакатнинг иқтисодий даражаси, тадбиркорларнинг имкониятлари ва хусусий компанияларнинг ривожлангани муҳим.

Ҳатто «Манчестер Сити» каби йирик клублар ҳам молиявий манбалар ва сармоялар орқали фаолият юритади. Бу футбол иқтисодиётининг табиий жараёни. Аммо ҳисоб рақамларида маблағ бўлмаса, биз қандай ишлаймиз?
Шу сабабдан жуда хавотирдамиз. Яқинда бир нечта мутахассис ва мураббийлар билан гаплашиб, вазиятни муҳокама қилдик. Ҳисоб-китобларга кўра, бешта клуб фаолиятини тўхтатиб қўйиши мумкинлиги ҳақида хавотирлар бор. Илоҳим, бундай бўлмасин.

Умид қиламанки, ҳозир Федерация ва Профессионал футбол лигасида кучли жамоа шаклланган. У ердаги масъуллар вазиятни кўриб, муаммоларни яхши тушуниб туришибди. Балки, ечим топилар. Барчамиз шунга умид қиламиз», - дея Сергей Ивановичнниг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Машъал Машъал
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар