Live
5
Ўзбек

Улуғбек Бақоев: «Футболчиларга эътироз йўқ»

Футбол
16 октябр, 15:10
«Сўғдиёна» бош мураббийи «Бунёдкор» билан дурангдан сўнг матбуот анжуманида қатнашди.
Улуғбек Бақоев: «Футболчиларга эътироз йўқ»
Foto: UzPFL
16.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Бунёдкор Бунёдкор 1 : 1 Сўғдиёна Сўғдиёна

Зоминда Суперлиганинг 24-туридан ўрин олган «Бунёдкор» ҳамда «Сўғдиёна» жамоалари ўртасидаги учрашувда 1:1 ҳисобидаги дуранг қайд этилди. Ўйиндан кейинги матбуот анжуманида «Сўғдиёна» бош мураббийи Улуғбек Бақоев иштирок этди.

— Биринчи бўлимда «Бунёдкор» ўйинни кўпроқ назорат қилди ва вазиятлар яратди. Ҳақиқий юз фоизлик имкониятлар бўлмаган бўлса-да, ярим вазиятлар етарлича бўлди. Зарба беришди, тўпни назорат қилишди ва ҳоказо.

Футболда шундай ҳолатлар бўлиб туради. Шунинг учун 1:1 ҳисобидаги дуранг, албатта, биз учун яхши натижа эмас. Жамоамизда бир ғалати ҳолат кузатиляпти: гоҳида кетма-кет уч-тўртта ўйинда ғалаба қозонамиз, баъзида эса шунча ўйин давомида ғалаба қозона олмаймиз.

Шунга қарамай, футболчиларга майдондаги фидойилиги учун раҳмат айтаман. Энди кейинги учрашувга тайёрланамиз. Олдинда Кубок ўйини бор. Тикланиб олишимиз, пухта тайёргарлик кўришимиз ва майдонга ғалаба учун чиқишимиз керак.

— Дориевнинг ўйини ҳақида нима дея оласиз? Аввал у кўплаб вазиятлар яратарди, аммо уларни голга айлантиришда муаммолар бор эди. Ҳозир эса имкониятларидан анча самарали фойдаланмоқда. Аввал у кўп вазиятлар яратарди, аммо уларни голга айлантиришда жамоада муаммолар кузатиларди. Ҳозир эса иккита вазият бўлса, иккита гол уради, битта вазият бўлса, битта гол уради.

— Биз тактик схемани ўзгартирганимиз йўқ. Ҳаммаси аввалгидек қолган. Фақат футболчилар ўйин давомида майдондаги ҳаракатларини, жойлашувларини тўғри белгилашлари керак. Баъзида улар ўзлари кўтарилиши керак бўлган пайтда пастроқда қолиб кетишади. Машғулотларда бу жиҳатлар устида ишлаяпмиз. Майдонда эса футболчиларга кўрсатмаларни етказиш ҳам осон эмас: кимдир эшитади, кимдир эса узоқда бўлади. Аммо тактикамиз ўзгармаган. Бугун шундай ўйин бўлди. «Бунёдкор» фаоллашганидан кейин ҳисобни сақлаб қолиш мақсадида алмаштиришларни амалга оширдик. 83 ва 86-дақиқаларда ўзгаришлар қилдик. Бизда яна битта алмаштириш имконияти қолгани учун иккита футболчини алмаштирдик.
Футболчиларга эътироз йўқ, уларга фидойилиги ва ўйин интизоми учун раҳмат айтаман. Бироқ жисмоний жиҳатдан кучимиз етмади, десам ҳам бўлади. Учрашув охирида жамоа бироз пасайиб қолди.

— Люпче рақиблар учун тобора хавфли футболчига айланмоқда. Бироқ рақиблар уни яхши ўрганиб, майдонда икки-уч нафар футболчи билан тўсишга ҳаракат қилишяпти. Бу ҳолатда унга қандай ёрдам бериш мумкин?

— Қаранг, футболчи ҳужумда фаол ва агрессив ўйнаса, рақибларни алдаб ўтишдан қўрқмаса, ҳатто икки-уч нафар рақибни ҳам ортда қолдиришга ҳаракат қилса, бу унинг кучли жиҳати ҳисобланади.
Албатта, ҳар бир рақиб жамоа таркибини ўрганади, футболчиларнинг кучли ва заиф томонларини таҳлил қилади. Бу — футболнинг оддий қонунияти.
Дориев тўпни қабул қилиши биланоқ унга икки-уч нафар ҳимоячи ташланади, қолаверса, бошқа футболчилар ҳам уларни суғурталаб туради. Шу сабабли унга қийин. Бир томондан эса бу яхши ҳолат: демак, рақиблар уни кучли футболчи сифатида тан олишяпти ва ундан хавфсирашяпти. Агар унинг ёнида яна бир агрессив, ҳужумда фаол ҳаракат қиладиган футболчи бўлса, Дориевга анча осон бўларди. Рақиблар фақат уни тўсиш билан чеклана олмасди.

— Ёш футболчиларнинг яккама-якка вазиятларда рақибни алдаб ўтишга камроқ ҳаракат қилишига нима сабаб? Замонавий футболда индивидуал маҳорат қанчалик муҳим?

— Билмадим, лекин ёш футболчиларнинг баъзилари негадир агрессив ўйнашдан қўрқишади. Албатта, ҳаммасини бундай деб бўлмайди. Кўпчилиги рақибни алдаб ўтишга ҳаракат қилиш ўрнига, тўпни назорат қилиш ва хавфсизроқ ўйнашни афзал кўради. Аммо баъзи вазиятларда рақибни алдаб ўтишга жасорат билан ҳаракат қилиш керак. Индивидуал ҳаракатлар, шахсий маҳорат замонавий футболда жуда муҳим.

Биз бу ҳақда кўп гапирамиз. Лекин баъзан шундай футболчилар борки, уларнинг иқтидори кўзга ташланади, кейин эса катта футболдан сезилмай кетишади. Масалан, Маъруфовлар ҳам шундай кетиб қолишди, деярли билинмай қолишди.

Бундай футболчиларнинг устунлиги шунда эдики, улар ёш бўлса-да, ўзига ишонарди, жасорат билан ҳаракат қиларди. Рақибни алдаб ўтишдан ва тўпни йўқотишдан қўрқмасди. Менимча, ёш футболчиларда айнан шу хусусиятларни ривожлантиришимиз керак.

— «Бунёдкор» академиясидан кўплаб ёш футболчилар етишиб чиқмоқда ва асосий жамоага кириб келмоқда. «Сўғдиёна» академияси ҳам келажакда шундай натижаларга эриша оладими?

— «Бунёдкор»да ёш футболчиларни тайёрлайдиган академия бор. У ерда ҳар бир позиция учун етарлича футболчилар етиштирилади. Менинг фикримча, уларда ҳар бир позицияга Суперлига даражасига мос келадиган беш-ўн нафаргача футболчи бор.
Бугунги кунда «Сўғдиёна» ҳам ўз академиясини ташкил қилди. Адашмасам, бунга икки-уч йил бўлди. Яна беш-олти йил ўтса, «Сўғдиёна» академияси ҳам ўз мевасини бера бошлайди. Шунда маҳаллий ёш футболчилар асосий жамоага кириб келади, бошқа ёшлар эса уларнинг ўрнини тўлдиради.
Бу — табиий жараён. Энг муҳими, ёш футболчиларга имконият бериш ва уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш.

— Кейинги ўйиндан мухлислар нимани кутишлари мумкин?

— Яхши ўйин кутишлари мумкин. Чиройли ва агрессив футбол намойиш этишга ҳаракат қиламиз. Мен ҳар доим шундай ўйин тарафдориман, - дея Бақоевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Бунёдкор Бунёдкор
  • Сўғдиёна Сўғдиёна
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар