Live
10
Ўзбек

Улуғбек Бақоев: «Бизда хавфли вазиятлар бўлди, аммо тўп назорат яхши эмасди»

Футбол
11 октябр, 11:26
Ўйиндан кейин «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида қатнашди.
Улуғбек Бақоев: «Бизда хавфли вазиятлар бўлди, аммо тўп назорат яхши эмасди»
Фото: Сўғдиёна ПФК

«Сўғдиёна» клуби Суперлиганинг 23-турида Тошкентнинг «Локомотив» клубини қабул қилди ва голларга бой ўтган баҳсда 2:3 ҳисоби билан меҳмонлар ғалаба қозонди, мезбонлар эса мағлуб бўлишди. Ўйиндан кейин «Сўғдиёна» устози Улуғбек Бақоев матбуот анжуманида қатнашди.

- Биринчи бўлимда ўйинни етарлича агрессив бошламадик. «Локомотив» биринчи бўлимда учрашувни назорат қилди. Бизда хавфли вазиятлар бўлди, аммо тўп назорати яхши эмасди. Шунга қарамай, гол уришга муваффақ бўлдик. Афсуски, кўп ўтмай ўз дарвозамиздан ҳам гол ўтказиб юбордик. Кейин ҳисобни тенглаштирдик, ҳатто яна битта гол уришимиз ҳам мумкин эди. Учинчи гол ҳақида гапирадиган бўлсак, «Локомотив» деярли бир хил иккита гол урди. Албатта, бу ерда вазиятларни якунлаш маҳорати ҳам муҳим роль ўйнади. Шу тариқа, йигитлар ўйинни бой беришди. Бу футбол, энди кейинги учрашувга тайёргарлик кўрамиз.

- Бугун жамоангиз сафида 50-рақамда Шоҳрух Камолов ўйнади. Адашмасам, у U-19 чемпионатининг тўпурари, 2007 йилда туғилган ёш футболчи. Унинг бугунги ўйинини қандай баҳолайсиз?

- Қаранг, ҳар бир футболчи нимадандир бошлаши керак. Кимдир захира жамоасидан, кимдир U-19 жамоасидан, яна кимдир тўғридан-тўғри Суперлигадан фаолиятини бошлайди.

Биз машғулотлар жараёнида уни кузатдик, бундан ташқари, ўйинларини ҳам кўриб чиқдик. Шахсан ўзим ҳам унинг ўйинларини кузатганман. Ҳужумчи сифатида у ўзини асосий таркибда ўйнамаган бўлса-да, имкониятга лойиқ эканини кўрсатди. Лекин бу унинг биринчи ўйини эканини ҳам ҳисобга олишимиз керак. Ҳаммаси ҳам кўнгилдагидек чиқмади. Балки ҳаяжон бўлгандир. Аммо менинг фикримча, у яхши футболчи бўлиб етишади.

- FIFA кунлари жамоангизга қандай таъсир кўрсатди, деб ўйлайсиз? Танаффус анча узоқ давом этди.

- Ҳаммамиз одатдагидек тайёргарлик кўрдик. Бевосита «Локомотив»га қарши ўйинга ҳозирлик кўрдик. Машғулотлар жараёни ҳам, жамоанинг умумий кайфияти ва ўйинга бўлган муносабати ҳам яхши эди. Нормал тайёргарлик кўрдик.

Ўйиннинг ўзига келсак, ҳисоб 2:3 бўлди. Кўриб турганингиздек, голлар кўп урилди. Биз ҳам гол урдик, аммо ўз дарвозамиздан голлар ўтказиб юбордик. Шунинг учун бугун «Локомотив» ғалаба қозонди. Албатта, шу жиҳатни алоҳида таъкидлаган бўлардим», - дея Улуғбек Бақоевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Сўғдиёна Сўғдиёна
  • Локомотив Ташкент Локомотив Ташкент
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар