ОКМК ҳамда «Навбаҳор» ўртасидаги баҳс муросасиз ўтди ва унда 2:2 хисоби қайд этилди. Ўйин эса турли воқеликларга, эпизодларга бой бўлди.
Мана шундай хиссиётларга ўтган учрашувдан кейин меҳмонлар мураббийи Михаил Еремчук матбуот анжуманида иштирок этди. Чунки бош мураббий Темур Кападзе ўйинда қизил карточка олди.
- Ўйин охиригача кескин ва ҳаяжонли кечди. Афсуски, ўзимизга мажбурий бўлмаган иккита гол ўтказиб юбордик ва шу билан ҳаммаси ҳал бўлди. Бугун ОКМК деярли шундан бошқа хавфли вазиятлар ярата олмади, деб ўйлайман. Бизда эса етарлича голли вазиятлар бўлди. Назаримда, шунчаки ўз имкониятларимиздан бирини голга айлантиришимиз керак эди. Шунда ўйиннинг бундай якуни бўлмасди ва учрашувни хотиржам тарзда охирига етказишимиз мумкин эди. Менинг фикрим шу.
- Голли вазиятдаги такрорий лавҳани ўзингиз ҳам кўриб чиқдингизми?
- Ҳа, такрорий лавҳани кўрдик. Бизнинг фикримизча, у ерда офсайд чизиғини чизиб, вазиятни янада аниқроқ кўриб чиқиш керак эди. Бизнинг назаримизда, биз голни қоидалар доирасида урганмиз. Қолаверса, футболчимиз рақиб дарвозаси томон олдинга ҳаракатланаётган эди.
- ОКМК билан ўйинлар доимо қийин кечади. Биринчи даврада, июнь ойининг охирларида бўлиб ўтган учрашувда ҳам шундай ҳолат кузатилганди. Бугун ҳам ҳар икки жамоа учун ғалаба жуда муҳим эди. Нима учун бу жамоалар ўртасидаги баҳслар шунчалик муросасиз кечади? Бу рақибнинг кучлилиги билан боғлиқми ёки бошқа сабаблар ҳам борми?
- ОКМК яхши жамоа, у доимо кучли бўлиб келган. Бу ҳолат бир неча йилдан бери давом этмоқда. Бизнинг ҳам яхши жамоамиз бор, шунинг учун ўзаро учрашувларимиз қизиқарли кечади. Яна бир бор таъкидлайман: бугунги ўйинда, менинг назаримда, биз яхшироқ ҳаракат қилдик ва кўпроқ голли вазиятлар яратдик. Шунинг учун ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ.
Ўйин охиридаги вазиятлар эса ҳиссиётлар билан боғлиқ. Ҳар икки жамоа ҳам ғалаба қозонишни истади. Биз қандай ғалаба қозонишни хоҳлаган бўлсак, улар ҳам шундай хоҳлашди. Шу сабабли майдонда ҳиссиётлар жўш урди. Энди ўйин ёзувини кўриб чиқамиз, вазиятларни таҳлил қиламиз ва нима сабабдан бундай ҳолат юз берганини ўрганамиз.
- Бугунги ўйинда жамоангиз аввалги учрашувларга нисбатан бироз сустроқ ҳаракат қилгандек таассурот қолмадими? Чунки олдинги ўйинларда ўйин сифати яхшироқ бўлган, аммо натижа...
- Менимча, бугун ўйин сифати етарлича яхши бўлди. Биринчи бўлимни эсласак, иккита жуда яхши голли вазиятимиз бўлгани аниқ. Иккинчи бўлимда ҳам шундай имкониятлар бўлди. Агар яна иккита гол урганимизда, ҳисоб 4:2 бўлиши мумкин эди. Биз охиригача курашишда давом этамиз. Ҳар бир учрашув биз учун муҳим. Рақибнинг кимлиги, қайси жамоа экани биз учун аҳамиятсиз — барча жамоаларни ҳурмат қиламиз. Жамоанинг турнир жадвалида қайси ўринда турганидан қатъи назар, ҳар бир рақибга ҳурмат билан ёндашамиз ва ўйинга жиддий тайёргарлик кўрамиз. Биз ҳар бир учрашувда ғалаба қозонишни хоҳлаймиз. Шунинг учун кейинги ўйинларда ҳам бу мақсадимизга эришиш учун бор кучимиз билан ҳаракат қиламиз», - дея Еремчукнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.