Live
4
Ўзбек

Ислом Исмоилов: «Ҳеч қачон ҳеч бир рақибдан осон ўйин кутмаймиз»

Футбол
16 октябр, 14:17
«Нефтчи» бош мураббийи Фарғона дербисидаги ғалабадан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Ислом Исмоилов: «Ҳеч қачон ҳеч бир рақибдан осон ўйин кутмаймиз»
Foto: PFC Neftchi
16.10.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Қўқон-1912 Қўқон-1912 2 : 4 Нефтчи Нефтчи

24-тур Фарғона дербиси кузатилди ва унда «Қўқон-1912» уйида «Нефтчи»ни қабул қилди. Голларга бой ўтган учрашув 2:4 ҳисобида фарғоналикларнинг фойдасига ҳал бўлди.

Ўйиндан кейин ғолиб жамоа устози Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

— Авваламбор, ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. Стадионда ҳам бизни ашаддий мухлисларимиз келиб қўллаб-қувватлашди. Уларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Албатта, ғалаба доим ёқимли. Бўлиб ҳам Суперлигада мавсум тугаб боряпти. Ҳар ўйинни ва ҳар бир очкони қадри баланд. Ҳар бир учрашувда ўзимиз хоҳлаган натижага эришиш учун ҳаракат қиляпмиз. Бугунги ғалабадан хурсандмиз. Бу ғалаба жамоамизни ўзига келиб олиши ва охирги турларда яна оёққа туриб олиши учун бизга сув ва ҳаводек зарур эди.

— Ўйиндан олдин кўпчилик «Қўқон-1912» осонлик билан таслим бўлади, деб ўйлашганди. Сиз ҳам шунақа ўйлаганмидингиз?

— Ҳеч қачон ҳеч қайси рақибдан осон ўйин кутмаймиз. Барча рақибларга профессионал муносабатда бўламиз. Албатта, бу футбол. Майдонга тушган ҳар бир ўйинчи борини беришга ҳаракат қилади. Қўқон жамоаси етарлича қаршилик кўрсатди. Ўйин қизғин курашларга бой ўтди. Мухлислар кўп гол гувоҳи бўлишди, қизил карточка ҳам бўлди. Осон бўлишини ўйламагандик. Боя айтиб ўтганимдек, ҳар бир очконинг қадри баланд. Буни ҳамма ҳис қилиб турибди. Шу боис ҳар бир учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўрамиз.

— «Нефтчи»га чемпионлик учун битта асосий даъвогар ким: «Пахтакор» ёки «Навбаҳор»?!

— «Пахтакор».

— Кубокда-чи?

- «Навбаҳор».

— Охирги пайтларда жамоангиз кўп тўп ўтказиб юбораётгани сизни хавотирга солмаяптими?

- Кўп тўп ўтказиб юборишга келсак, буни ҳам таҳлил қилиб чиққанмиз. Жамоа мавсум бошида кўплаб голлар урди. Жуда юқорида ўйнадик. Чемпионат охирлаяпти. Футболчилар мавсум давомида юқори интенсивликни намойиш эта олишмайди. Барибир бу ўз таъсирини кўрсатяпти. Камроқ гол ўтказиш учун ҳимояга эътибор қаратсак ҳам бўлади. Барибир бизнинг асосий ғоямиз — кўпроқ ҳужумкор футбол ўйнаш. Масаланинг иккинчи томони, бу — руҳий ҳолат. Футболчиларда ҳаяжон ҳар ўйиндан ўйинга кўтарилиб боряпти. Буни ҳам нормал қабул қилиш керак. Албатта, бу — бизни ўйлантирадиган жиҳат. Бошида кам тўп ўтказгандик. Иккинчи даврада ўтказган голларимиз сони кўпайиб кетди. Бунга бир қанча факторлар сабаб бўлиши мумкин. Муҳими, қайси ўйинда кўп ўтказсак ҳам ғалаба қозонсак ёқимли бўлади», — дея Ислом Исмоиловнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Қўқон-1912 Қўқон-1912
  • Нефтчи Нефтчи
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар