Биринчи лига иштирокчиси «Гулистон» жамоаси Ўзбекистон кубогида муваффақиятли иштирок этди. Жамоа турнирнинг чоракфиналига қадар етиб келди. Айнан шу босқичда ОКМК меҳмони бўлиб, драматик кечган баҳсда 2:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Бу баҳсдан сўнг Tribuna.uz мухбири жамоа сардори Ихтиёр Тошпўлатов билан суҳбатлашди.
«Олмалиқдаги ўйин биз учун яхши бўлди. Гарчи мағлуб бўлган бўлсак-да, мухлислар ўйиндан завқ олишди. Ўйлашимча, мухлисларимизга ёқадиган очиқ футбол намойиш этдик. Биз ижобий натижа йўлида охиригача курашдик, таслим бўлмадик. Тўғри, айрим жойларда тажриба муҳим рол ўйнади. Аммо 1-лига жамоаси бўлишимизга қарамай, рақибга муносиб қаршилик қилдик. Олмалиқликлар ҳам биздан бундай қаршилик бўлишини кутмаган бўлса керак.
- Биласизми, биринчи бўлимда гол уриш яхши имкониятлар бўлди. Афсуски, вазиятлардан фойдалана олмадик. Хужумда совуққонлик етишмади деб ўйлайман. Эҳтимол, биринчи голни уриб олганимизда ўйиннинг қолган қисми бошқача бўлиши ҳам мумкин эди. Қолаверса, Шоҳназар Норбековнинг кутилмаганда олган жароҳати ҳам бизга катта йўқотиш бўлди. Режаларимизга бироз таъсир қилди.
- Йил бошида жамоа ўз олдига юқори мақсадларни қўйганди. Хусусан, Ўзбекистон кубогида ҳам гуруҳни муваффақиятли тугатишни мақсад қилгандик. Худога шукрки, буни уддасидан чиқдик. Бизни қийин гуруҳдан ўрин олганимиздан сўнг кўпчилик аутсайдер сифатида қарай бошлади. Чоракфиналга ҳам осон бўлмаган рақиб билан тўқнаш келиб, катта иштиёқ ва ҳарактер эвазига мағлуб этдик. Олмалиқликларга қарши баҳсда ҳам ҳимояга ётиб олмадик ва охиригача очиқ футбол кўрсатдик. Ўйлайманки, кубокдаги биринчи йилдаги уринишимиз яхши бўлди. Мухлисларимизни анча хурсанд қилдик деб ўйлайман.
- Тўғриси, қайси жамоа Ўзбекистон кубогини ютиши бўйича фикр билдира олмайман. Ўйламанки, энг муносиб жамоа муваффақият қозонади.
- Эндиликда бор эътиборимизни марказлашган ҳолда ўтказиладиган Биринчи лига плей-офф учрашувларига қаратамиз. Бу ерда яққол фаворит эмасмиз. Чунки бошқа жамоаларни ҳам хурмат қиламиз ва уларга қарши осон ўйинлар бўлмайди. Мақсадимиз, чемпион бўлиш. Шу йўлда ҳаракат қиламиз. Кубокдаги мағлубиятдан сўнг плей-офф баҳсларида ғолиб чиқиб, сирдарёлик мухлисларни қувонтирмоқчимиз», - деди Тошпўлатов.
Ихтиёр Тошпўлатов: «Олмалиқдаги ўйинда охиригача курашдик, таслим бўлмадик»
Эксклюзив
22 октябр, 13:01
Tribuna.uz мухбири жамоа сардори Ихтиёр Тошпўлатов билан суҳбатлашди.
Фото: Гулистон ПФК