Ўзбекистон кубоги 3-туридан ўрин олган «Ҳавоқанд» – «Андижон» (1:8) ўйинидан кейинги матбуот анжуманида дастлаб меҳмонлар бош мураббийи Ислом Аҳмедов қатнашди.
— Барчани Қурбон Ҳайит байрами билан табриклайман. Ўзбекистон кубоги гуруҳ босқичини тугатиб олдик ва Худога шукурки, кейинги босқичга чиқдик. Йигитларга катта раҳмат айтамиз. Андижондан келиб бизни қўллаб турган мухлисларимизга ҳам катта раҳмат. Бутун Андижон халқини жамоамизнинг кейинги босқичга чиққани билан табриклаймиз.
— Бугун ёшлар жамоасидан бир қатор футболчилар ҳам майдонга туширилди. Уларнинг орасидан сизга энг кўп ёққани ким бўлди?
— Барчаси ҳаракат қилишяпти. Лекин яққол ажратиб кўрсата олмаймиз. Барчаси тенг ҳаракат қилишди. Ёшларимизни ишлайдиган, қўшадиган жиҳатлари жуда кўп. Уларни аста-секин шунақа ўйинлар орқали асосий таркибга тайёрлаб борамиз.
— Энди танаффус катта. Жамоани кучайтириш керак бўлган чизиғи қайси, деб ўйлайсиз?
— Тайёргарлик жараёни икки қисмга бўлинади: қишки ва ёзги. Бунда ҳам барибир жисмоний ҳолатига қараймиз. Ҳозирги ишланмаларимизни янада ривожлантирамиз. Камчиликлар устида ишлаймиз. Ҳужумдаги якунловчи қисмлар устида, тўпни назорат қилиш бўйича ҳам ишлаймиз. Тайёргарлик жараёнида иш кўп.
— Элдор Адҳамов қайдномага ҳам киритилмади. Унда жароҳат бормиди ёки дам берилдими?
— Дарвозабонларимиз уч нафар. Шунинг учун учаласига ўйин амалиёти беришга қарор қилдик. Рустамжонов ҳам ёш, иқтидорли ва ўсиб келаётган посбон. Унга ҳам имконият бермасак бўлмасди.
— Ўйин давомида параллел равишда «Насаф»нинг ҳам натижаси билан қизиқиб турдингизми?
— Ёрдамчиларим етказиб туришди. 1\8 финални ўз уйимизда ўтказишни истаганимиз учун буни максимал равишда футболчиларга тушунтиргандик. Худога шукр, йигитлар профессионал ҳаракат қилиб, ўз имкониятларини голга айлантириш пайида бўлишди. Ҳа, қаердадир омад ҳам келмади. Ҳамма ҳам ўз уйида мухлислари қаршисида ўйнашни хоҳлайди.
— Энди Жаҳон чемпионати муносабати билан чемпионатимизда танаффус бўлади. Шу вақт давомида жамоанинг тайёргарлик режаси қандай бўлади?
— Асосан ўзимизни қароргоҳда бошлаймиз. Жисмоний тайёргарлик бўйича ишлаб олганимиздан кейин ўйин амалиёти учун икки-учта режалар қиляпмиз ва бошқа мамлакатга бориб ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиб келмоқчимиз, — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтиради клуб матбуот хизмати.
Ислом Аҳмедов — 8:1 ҳисобидаги ғалаба, «Андижон»нинг катта танаффусдаги режалари ва дарвозабонлар ҳақида
Футбол
26 май, 16:00
«Андижон» бош мураббийи жамоани Ўзбекистон кубоги 1/8 финалига олиб чиққан ўйиндан сўнг ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
Foto: Andijon FC
26.05.2026
FT
Ўзбекистон Кубоги
Havoqand
1
:
8
Андижон