ФИФА президенти Жанни Инфантино 2026 йилги Жаҳон чемпионати олдидан Ўзбекистон миллий жамоасига омад тилади.
Футбол раҳбари ўзининг ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Ўзбекистоннинг мундиалдаги тарихий иштироки ҳақида фикр билдириб, жамоага муваффақият тилади.
«Ўзбекистон миллий жамоасига бу ёзда Шимолий Америкада бўлиб ўтадиган ФИФА Жаҳон чемпионатида омад тилайман!
Жаҳон футбол саҳнасидаги тарихий дебютини ўтказадиган Ўзбекистон миллий жамоасига энг эзгу тилакларимни билдираман. Мухлисларини фахрлантириш, тарихда янги саҳифа очиш ва бутун дунёга ўз имкониятларини намойиш этиш йўлида уларга муваффақият тилайман», — деди Инфантино.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий жамоаси ўз тарихида илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичида иштирок этади.
Маълумот учун, Каннаваро жамоаси мундиалнинг K гуруҳидан жой олган бўлиб, Португалия, Колумбия ва Конго ДР миллий жамоаларига қарши баҳс олиб боради.