Нидерландия миллий жамоаси сардори Виржил ван Дейк 2026 йилги Жаҳон чемпионатидан сўнг терма жамоадаги фаолиятини якунлаши мумкинлигини истисно этмади.
Тажрибали ҳимоячи мундиал олдидан ўз жамоасининг имкониятларига юқори баҳо берди.
«Мен оптимизмга тўламан. Биламан, журналистлар узоқ вақтдан бери топ даражадаги миллий жамоаларни мағлуб эта олмаётганимиз ҳақида гапирмоқда. Бунга аниқ жавобим йўқ. Аммо буни Жаҳон чемпионатида амалга оширишдан яхшироқ имконият борми?
Мен чин дилдан ишонаманки, бу Нидерландия учун жуда яхши турнир бўлиши мумкин», — деди ван Дейк.
Шунингдек, у мундиал фаолиятидаги сўнгги йирик турнир бўлиш-бўлмаслиги ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Бу миллий жамоадаги сўнгги йирик турнирим бўладими ёки йўқми, ҳозирча билмайман. Бу ҳақда фақат Жаҳон чемпионатидан кейин ўйлайман. Кейин таътилга чиқиб, ўтган мавсум «Ливерпул» билан содир бўлган барча воқеаларни таҳлил қиламан.
Умид қиламанки, фаолиятимни қўлимда кубок билан якунлайман. Бу мен учун ҳам, сизлар учун ҳам, барча нидерландияликлар учун ҳам ғалаба бўларди», — дея қўшимча қилди футболчи.
Эслатиб ўтамиз, ван Дейк бир неча йилдан буён Нидерландия миллий жамоасининг асосий етакчиларидан бири ҳисобланади.
Маълумот учун, Нидерландия 2026 йилги Жаҳон чемпионатида Ф гуруҳида Япония, Швеция ва Тунисга қарши баҳс олиб боради.