Ўзбекистон миллий жамоаси дарвозабони Ботирали Эргашев жаҳон чемпионатидаги дебют, саралаш босқичидаги эсда қоларли ўйин, дарвозабонларнинг тайёргарлиги ва ички муҳит хусусида гапириб ўтди.
«Ҳар бир футболчи жаҳон чемпионатида иштирок этишни орзу қилади. Бу менинг энг катта орзуларимдан бири десам бўлади.
Яқин-яқингача мундиалларда қайсидир жамоага мухлислик қилиб, томоша қилардик. Аллоҳга шукр, мана энди ўзимиз иштирок этяпмиз. Бу одамни жуда хурсанд қилади.
Саралаш босқичида осон ўйинлар бўлмади. Ҳар бир баҳс ўзига яраша қийин ўтди. Шимолий Кореяга қарши Ўткир ака (Юсупов) пеналти қайтарган учрашув жуда муҳим бўлди деб ўйлайман.
Мундиалда асосий мақсад — қуруқ ўйин ўтказиш. Алҳамдулиллаҳ, ички муҳит аъло даражада. Яхши кайфиятда баҳсларга тайёргарлик кўряпмиз.
Машғулотларда ҳам юқори интенсивлик бўйича машқлар олиб боряпмиз. Жаҳон чемпионатида темп жуда юқори бўлади, шунга мослашиш учун ҳозирдан тайёргарлик кўришимиз керак ва биз шу босқичдан ўтишимиз керак деб ўйлайман.
Юқори савияли ҳужумчиларга қарши ўйнаш ҳам ёқимли. Сабаби, кучлиларга қарши баҳсда сизнинг салоҳиятингиз кўпроқ намоён бўлади. Бу ўзимизни синаб олиш учун ҳам яхши имконият.
Худо хоҳласа, мусобақада жамоавий ўйин кўрсатиб, ҳеч кимдан кам эмаслигимизни исботлаймиз. Яхши ўйин намойиш этиб, мухлисларимизни ҳам хурсанд қиламиз деган умиддамиз.
Ёш футболчилар орасида Аббос (Файзуллаев)нинг ўйинлари кўпроқ ёқади. Шунингдек, унинг дриблинглари ва креативлиги дарвозабонларга ҳам қийинчилик туғдиради», — деди Эргашев ЎФА матбуот хизматига берган интервюсида.