«Бенфика» ҳужумкор яримҳимоячиси Жанлука Престиани камида ушбу мавсум охиригача Лиссабон клубида қолмоқчи. Аргентиналик вингер «ПСЖ»га ўтиш таклифини рад этган ва бу ҳақда «Бенфика» раҳбариятини хабардор қилган. Бу ҳақда Rеcоrd нашри хабар берди.
Манба маълумотига кўра, Франция клуби жароҳат олган Дезире Дуе ва Хвича Кварацхелия ўрнига Престианини эҳтимолий номзод сифатида кўриб чиққан. Бироқ 20 ёшли футболчи қишки трансфер ойнасида жамоасини ўзгартиришни режалаштирмаяпти.
Престианининг «Бенфика» билан дастлабки шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган эди. Бироқ томонлар яқинда битимни узайтириш бўйича келишувга эришди. Энди аргентиналик футболчининг шартномаси 2031 йилга қадар амал қилади.
Маълумот учун, Тransfermarkt портали Аргентина миллий жамоасига жалб этилаётган футболчининг бозор қийматини 40 миллион еврога баҳоламоқда.