Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Жуд Беллингҳэм Испания чемпионатида ўзи учун муҳим юбилейни нишонлади.
Ла Лиганинг 13-турида «Реал» ўз майдонида «Селта»га қарши баҳс олиб борди. Жозе Моуринио шогирдлари учрашувда ҳисобда ортда бораётганига қарамай, якунда 2:1 ҳисобида иродали ғалабага эришди.
Ушбу баҳс англиялик яримҳимоячи Жуд Беллингҳэм учун «қироллик клуби» сафидаги Испания чемпионати доирасида ўтказилган 100-учрашув бўлди. Эътиборлиси, футболчи юбилей ўйинида гол уришга ҳам муваффақ бўлди.
Маълумот ўрнида, Беллингҳэм 2023 йилдан буён Мадрид жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда. Шу вақт давомида у Ла Лигада 100 марта майдонга тушиб, рақиблар дарвозасига 39 та гол урди ва 21 марта голли узатма амалга оширди.
Шу тариқа, 100 та учрашувда англиялик футболчи жами 60 та голли ҳаракатда бевосита иштирок этган. Бу ҳар бир ўйинга ўртача 0,6 та гол ёки ассист тўғри келишини англатади.
«Селта» устидан қозонилган ғалаба эса «Реал» учун турнир жадвалида муҳим аҳамият касб этди. Мадридликлар қўлга киритилган 3 очко эвазига Каталониянинг «Барселона» клубига очколар сони бўйича етиб олди.