Мадриднинг «Реал» клуби ҳужумчиси Карлос Эспи захирадан майдонга тушганидан кейин гол уриш борасида Европанинг кучли бешлик чемпионатларида энг яхши натижани қайд этмоқда.
21 ёшли испаниялик футболчи Ла Лиганинг 13-турида «Селта»га қарши учрашувнинг 79-дақиқасида, ҳисоб 1:1 бўлиб турган пайтда майдонга тушди.
85-дақиқада Эспи Винисиус Жуниорнинг узатмасидан кейин бош билан зарба берди. Дарвозабон тўпни қайтарган бўлса-да, ҳужумчи уни такрорий зарба билан дарвозага йўллади ва жамоасига 2:1 ҳисобидаги ғалабани келтирди.
Бу Эспининг «Реал»га ўтганидан кейин урган тўртинчи голи бўлди. Эътиборлиси, футболчи барча голларини захирадан майдонга тушганидан сўнг урган.
Бунга қадар испаниялик ҳужумчи «Рома», «Элче» ва «Эспанёл» дарвозаларини ишғол қилган эди. Opta маълумотига кўра, захирадан ўйинга қўшилиб 4 та гол уриш Европанинг топ-5 чемпионатларидаги энг яхши кўрсаткич ҳисобланади.
Қизиғи, Эспи ушбу 4 та голни дарвоза томон йўллаган аниқ 6 та зарбаси орқали урган. Бу эса футболчининг захирадан майдонга тушганидан кейинги юқори самарадорлигини кўрсатади.