«Манчестер Сити» ҳужумчиси Эрлинг Ҳоланд Мадриднинг «Реал» клуби яримҳимоячиси Жуд Беллингҳэм билан дўстона муносабатлари ҳақида гапирди.
Норвегиялик футболчи англиялик ҳамкасби билан Дортмунднинг «Боруссия» клубида бирга ўйнаган даврларини эслади. Унинг таъкидлашича, икки футболчи Германияга ёш иқтидорлар сифатида келган ва қисқа вақт ичида яқин дўстларга айланган.
«Биз Дортмунднинг «Боруссия» клубига ёш иқтидорлар сифатида бир вақтда келгандик ва тезда тил топишиб кетгандик.
Кўп ҳазиллашардик, доим бир-биримизга ҳазиллашиб тегажоғлик қилардик. Майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам вақтимизни жуда мароқли ўтказардик. У билан ҳар сафар учрашиш мен учун ёқимли», — дея Ҳоланднинг сўзларини келтиради Madrid Xtra нашри.
Эслатиб ўтамиз, Ҳоланд 2020 йилдан 2022 йилга қадар Дортмунднинг «Боруссия» клуби шарафини ҳимоя қилган. Шундан сўнг норвегиялик ҳужумчи Англиянинг «Манчестер Сити» жамоасига кўчиб ўтган.
Беллингҳэм эса 2020–2023 йиллар давомида Германия клубида тўп тепган. Англиялик яримҳимоячи кейинчалик Мадриднинг «Реал» клубига ўтган.
Аввалроқ «Реал» Ҳоландни келаси ёзда сотиб олишига ишонаётгани маълум қилинганди.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади