Live
8
Ўзбек

Рўзиқул Бердиев: «Агар «Машъал» «Насаф»га қарши ўйнаганидек ҳар бир учрашувда ҳаракат қилганида, бундай аҳволга тушмасди»

Эксклюзив
21 ноябр, 11:02
Бердиев матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.
Рўзиқул Бердиев: «Агар «Машъал» «Насаф»га қарши ўйнаганидек ҳар бир учрашувда ҳаракат қилганида, бундай аҳволга тушмасди»
Фото: Насаф ПФК

Воҳа дербисида «Насаф» кутилганидек уйида «Машъал»ни мағлуб этди, ҳисоб 2:0. Ушбу баҳсдан кейин мезбонлар бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида фикрлари билан ўртоқлашди.

— Бугунги рақибимиз — «Машъал» жамоаси ҳимояга катта эътибор қаратиб, бизга анча қийинчилик туғдирди. Буни кутгандик. Чунки бугунги рақибимиз ўйлайманки, бундан ортиқроқ футбол кўрсатишга лойиқ эмасди.

Айрим вазиятлар бўлди, қарши ҳужумларга ҳам чиқди. Лекин йигитларга ҳужумда сабрли бўлишимиз ва ўз имкониятимизни кутишимиз кераклигини таъкидлагандик. Чунки рақиб жамоа 90 дақиқа давомида шу тактика асосида ўйнаши осон эмас. Бунинг учун кўп куч ва эътибор талаб этилади.

Шу боис вазиятни кутдик ва имконият туғилганида гол урдик. Голга қадар ҳам бизда устунлик бор эди, вазиятлар яратаётгандик. Голдан кейин эса жамоамиз янада фаоллашди, ҳужумларда кўпроқ имкониятлар яратиб, иккинчи голни ҳам киритдик.
Бу биз учун дерби мақомидаги муҳим ғалаба бўлди. «Машъал» бугун ўз олдига қўйган вазифани бажара олмаган бўлса-да, «Насаф»га қарши ўйнаш учун қандай тайёргарлик кўришини яхши биламиз. Шунинг учун баъзида айтаман: агар «Машъал» «Насаф»га қарши ўйнаганидек ҳар бир учрашувда ҳаракат қилганида, бундай аҳволга тушмасди.

- «Насаф» ҳақида эмас, «Машъал» ҳақида савол бермоқчиман. Жамоа пролигага тушиб кетди. Мураббийининг сўнгги фикрларида ҳам «Машъал» тугаши, ёпилиши мумкинлиги мазмунда гапиряпти. Сиз мутахассис сифатида яхши тушунасиз. Агар «Машъал» йўқолиб кетса, ўзбек футболи нимани йўқотади?

— Тўғри таъкидлаш керак, «Машъал» ўзбек футболи учун анча муносиб хизмат қилган жамоа. У ердан кўплаб яхши футболчилар етишиб чиққан. Уларнинг айримлари миллий жамоа даражасигача кўтарилган. Буни албатта эътироф этишимиз керак.

Ҳозир мутахассис сифатида шуни айтишим мумкинки, мамлакатимизда футболни ривожлантириш, вилоятлар ва туманларда футболга эътибор қаратиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда. Шунинг учун ҳар қандай жамоа, айниқса, ўз инфратузилмаси ва футбол мактабига эга клубнинг йўқолиши футболга зарар келтиради.

Лекин «Машъал»нинг инфратузилмаси, футбол мактабига бўлган эътибор ҳозир қай даражада эканини, тўғриси, билмайман. Бу ҳақда ҳеч ким билан суҳбатлашганим йўқ. Аммо яна бир бор айтаман: ҳар қандай футбол жамоаси ёки яхши инфратузилмага эга клубнинг йўқолиши футболимизга зарар келтиради.

- Ўзингиз ҳам таъкидладингиз, «Машъал» «Насаф»га қарши жуда кучли ўйнайди. Бундай учрашувларда футболчилар охиригача курашади. Менда бир фикр бор: 1997 йилда «Машъал»нинг деярли бутун таркиби «Насаф»га кўчиб келгани, шундан кейин воҳа дербилари кучли ўтган. Бу борада муносабатингиз қандай?
— Энди, бир вилоятдан эканлигимиз, албатта, бу ўйинга бўлган қизиқишни оширади. Бу футболчиларга қўшимча мотивация беради. Бир вилоят вакили бўлганингиздан кейин футболчилар ўртасида ҳам бундай рақобат бўлиши табиий.
1997 йилни эслайман. Ўша пайтда «Машъал» жамоасининг тўлиқ таркиби кўчиб келмаган, лекин бу клубдан бир қатор футболчилар таклиф этилганини биламан. Биз «Янгиер» жамоасидан келган эдик. Ўшанда «Машъал»дан етти-саккиз нафар футболчи бор эди.

Вилоят ташаббуси билан марказда яхши жамоа шакллантириш, вилоят шаънини муносиб ҳимоя қиладиган клуб ташкил этиш керак эди. Кейинчалик «Насаф»га ҳам, «Машъал»га ҳам раҳбарият томонидан катта эътибор қаратилди. Чунки ҳар икки жамоанинг ўз ҳомийси бор эди, уларда профессионал инсонлар фаолият юритарди. Шунинг учун ҳар икки клуб ўз фаолиятини муносиб олиб борди, деб ўйлайман.

Бугунги учрашувда ҳам бир вилоят вакиллари сифатида ўзаро рақобатлашиш футболчиларга қўшимча мотивация беради. «Насаф» даражасидаги жамоага қарши ўйнашнинг ўзи ҳар бир футболчи учун катта рағбат.

- Шала жуда фаол ўйнади. Унинг келажаги ҳақида нима дея оласиз? Жамоада қолиши мумкинми?

— Меҳнаткаш футболчи ҳар бир жамоага керак. Мен уни жуда ҳам қадрлайман. Албатта, бу ерда унинг ўз хоҳиши ҳам бор. Менимча, ўзаро келиша олсак, бу масалани ҳал қилиш мумкин. Бугун ҳам у одатдагидек жуда катта меҳнат қилди. Лекин бир вазиятда эътиборини йўқотди ва кейинги ўйинни ҳам ўтказиб юборадиган бўлди.

- Мавсум якунига етмоқда. Профессионал футболчилар, айниқса, ўзини кўрсатган ва таклифларга эга бўлган ўйинчилар бошқа вариантларни кўриб чиқишни бошлайди. «Насаф»даги етакчи футболчиларни сақлаб қолиш учун клуб раҳбарияти қай даражада тайёр? Бу ҳақда гаплашдингизми?

— Бу ҳақда раҳбарият билан ҳали гаплашмадик. Лекин бу энг мураккаб масалалардан бири бўлади. Футболчиларни ҳам яхши биласизлар. Улар қисқа фаолият даврида яхши пул топишга ҳаракат қилишади. Уларнинг ҳам оиласи, ўз шароити бор. Шунинг учун ҳар ким ўз имконияти ва манфаатларидан келиб чиқиб қарор қабул қилади.

Аммо футболчиларимизнинг барчаси жамоага содиқ, бу ерда ўйнашга доимо иштиёқ билдириб келишган. Шундай бўлса-да, ҳар бир футболчининг ўз қарори бор. Агар бошқа клублардан таклифлар бўлса, уларни ўрганиб чиқиши табиий. Менимча, раҳбариятимиз ҳам ўз имкониятларидан келиб чиқиб, керакли футболчиларни жамоада олиб қолиш учун ҳаракат қилади», - дея Рўзиқул Саъдуллаевичнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Насаф Насаф
  • Машъал Машъал
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар