19-22 ноябр кунлари чемпионатнинг 28-тур учрашувлари ўтказилади. Турнинг марказий ўйини Наманганда водий дербиси доирасидаги «Навбаҳор» - «Нефтчи» ўртасида кечади.
Бундан ташқари, қолган жуфтликларда ҳам қизиқарли курашлар ўтиши шубҳасиз.
Мухлисларга яхши таниш бўлган мутахассис Сергей Токов эса Tribuna.uz учун 28-тур қарама-қаршиликлари юзасидан ўз фикр ва мулоҳазаларини айтди.
19 ноябр
18:00. Сурхон-Андижон
- «Сурхон» – «Андижон» — қизиқарли учрашув. Эътиборли жиҳати шундаки, жамоалар турнир жадвалида бир-бирига яқин жойлашган. Қолаверса, улар қуйи лигага тушиб кетиш хавфи бўлган ҳудуддан ҳам узоқ эмас. Шунинг учун бу баҳсни олти очколик ўйин деб ҳисоблайман.
Шунга қарамай, мен бу учрашувда «Андижон»нинг минимал ҳисобдаги ғалабасига ишора қилган бўлардим. Чунки «Сурхон» барибир ўз майдонида ўйнамайди.
Назаримда, «Андижон»нинг ғалаба қозониш имконияти юқорироқ. Жамоанинг ҳужум чизиғи кучлироқ, таркибида ҳужумкор футболчилар кўпроқ. «Сурхон» эса ҳужумда маълум муаммоларга дуч келмоқда.
Менимча, «Андижон» ушбу учрашувда кичик устунлик билан ғалаба қозонади.
20 ноябр
17:00. ОКМК-Қизилқум
- Иккинчи учрашув — ОКМК – «Қизилқум». Бу баҳсда Олмалиқнинг имкониятларини юқорироқ баҳолайман. Жамоа турнир жадвалида ҳам, ўйин сифати борасида ҳам рақибидан устунроқ. ОКМК анча ҳаракатчан ва тезкор жамоа.
Албатта, ўйин осон кечмайди. Чунки «Қизилқум» жуда зич ва уюшқоқ ҳимояланади, асосан қарши ҳужумлар орқали рақиб дарвозасига хавф солади. Шу боис мезбонлар учун ҳам қийин бўлиши мумкин.
Шунга қарамай, менимча, бу учрашувда Олмалиқ ғалаба қозонади. Ўйин қизиқарли, тезкор ҳужумларга бой тарзда кечишини кутяпман. Бу баҳсда икки-учтадан кўпроқ гол ҳам кўришимиз мумкин.
17:00. Локомотив-Пахтакор
- «Локомотив» – «Пахтакор». Бу ҳам жуда қизиқарли учрашув бўлади. «Локомотив» ҳам турнир жадвалида юқорироқ ўринларни эгаллаш, хусусан, тўртинчи поғона учун кураш олиб бормоқда. Бу — Тошкент дербиси.
«Локомотив» жорий мавсумда жуда яхши футбол намойиш этмоқда. Жамоа ҳужумкор, ўйини қизиқарли ва мураббийнинг иши ҳам яхши йўлга қўйилган. Шунга қарамай, менимча, бу учрашув дуранг билан якунланади.
«Пахтакор» ҳам ўз навбатида Ўзбекистон футболидаги флагман жамоалардан бири ва ҳар доим катта мақсадлар билан майдонга тушади. Бироқ бу мавсумда жамоада нимадир ўхшамаётгандек. Айниқса, ўйин сифати ва ҳужум чизиғида муаммолар кўзга ташланмоқда. Шу сабабли, менимча, бу баҳсда жамоалар ғолибни аниқлай олмайди ва учрашув дуранг билан якунланади.
18:30. Навбаҳор-Нефтчи
- Менимча, бу турнинг энг муҳим ва энг қизиқарли учрашуви айнан шу баҳс бўлади. Буни нафақат турнир жадвалидаги вазият, балки водий дербиси экани билан ҳам изоҳлаш мумкин. Ҳар икки жамоа ҳам катта мақсадларга эга, таркиблари кучли ва ҳужумкор футбол намойиш этишни афзал кўради. Шу боис, бу учрашувда ҳам ғолиб аниқланмаслиги мумкин, деб ўйлайман.
Бироқ имкониятлар борасида «Навбаҳор»ни бироз устунроқ кўраман. Сабаби, наманганликлар фақат битта йўналишда — ички мусобақаларда иштирок этмоқда. Ҳа, уларда Кубок ҳам бор, аммо «Нефтчи» бундан ташқари Осиё Чемпионлар лигасида ҳам қатнашмоқда. Қолаверса, «Нефтчи»нинг ўйинида сўнгги пайтларда бироз пасайиш кузатилмоқда.
Бундан ташқари, «Навбаҳор» ўз майдонида, мухлисларининг катта қўллаб-қувватлаши остида ўйнайди. Шунинг учун бу баҳсда наманганликлар мағлуб бўлмайди, деб ҳисоблайман. Ҳатто, менимча, «Навбаҳор»нинг ғалаба қозониш эҳтимоли ҳам юқори.
Албатта, «Нефтчи» учун ҳам бу ғалаба жуда муҳим. Биламанки, жамоа чемпионлик учун курашмоқда ва принципиал рақиб устидан ғалаба қозониб, чемпионликка яна бир қадам яқинлашиш улар учун алоҳида аҳамиятга эга. Шунга қарамай, «Навбаҳор»нинг ўз майдонида ўйнаши омилини ҳисобга олган ҳолда бу учрашувда наманганликлар ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
21 ноябр
17:00. Қўқон-1912-Сўғдиёна
- Турнир жадвалидаги вазиятдан келиб чиқсак, ҳар икки жамоа ҳам қуйи ўринларда бормоқда. «Сўғдиёна» ҳам бир неча ўйиндан буён ғалаба қозона олмаяпти. Шу сабабли бу учрашув жиззахликлар учун ҳам, қўқонликлар учун ҳам жуда муҳим бўлади, деб ўйлайман. Чунки «Қўқон-1912» ўтиш ўйинлари зонасидан чиқишга ҳаракат қилмоқда, «Сўғдиёна» эса аллақачон шу ҳудудга тушиб қолган.
Менимча, бу баҳс тактик курашдан кўра кўпроқ мотивация ва ҳиссиётларга бой бўлади. Майдонда яккакурашлар, кескин вазиятлар ва эмоциялар кўп бўлишини кутяпман. Шунга қарамай, бу учрашувда қайси жамоани яққол фаворит сифатида кўрсатиш жуда қийин.
Таркиб борасида олиб қарайдиган бўлсак, «Сўғдиёна» ҳам ёмон шакллантирилмаган. «Қўқон-1912» сафида ҳам етарлича яхши ва қизиқарли футболчилар бор. Бироқ жамоаларнинг сўнгги ўйинларини инобатга олган ҳолда барибир «Қўқон-1912»га устунлик берган бўлардим. Бунинг асосий сабаби — қўқонликларнинг ўз майдонида ўйнаши. Назаримда, айнан уларнинг ушбу баҳсда ғалаба қозониш имконияти юқорироқ.
17:00. Насаф-Машъал
- Менимча, бу учрашув «Насаф» учун ҳам бироз принципиал аҳамиятга эга. Чунки бу ҳам дерби ҳисобланади. Қолаверса, адашмасам, биринчи даврада «Машъал» «Насаф»дан очко олишга муваффақ бўлган. Ўйлайманки, «Насаф» буни ёдидан чиқармаган ва бу сафар ўша хатоларни такрорламайди. Менимча, қаршиликликлар ушбу баҳсда ғалаба қозонади.
Бундан ташқари, «Машъал»да мотивация билан боғлиқ айрим муаммолар ҳам бордек. Билашимча, жамоа бош мураббийи молиявий масалалар ва мавжуд муаммолар ҳақида тез-тез ўз фикрларини билдириб келмоқда.
«Насаф» эса назаримда, сўнгги пайтларда яхши суръатга эга бўлди ва ўз ўйинини топиб олди. Шу сабабли, бу учрашувда «Насаф» камида икки гол фарқи билан ғалаба қозонади, деб ўйлайман.
18:00. Хоразм-Бухоро
- Бу учрашув ҳар икки жамоа учун ҳам муҳим аҳамиятга эга. Аввало, «Хоразм» ўз майдонида, мухлислари қаршисида ўйнайди. Шу боис жамоа учун бу баҳсда ғалаба қозониш жуда муҳим. Хоразмлик мухлислар ўз жамоасининг мағлубиятларини анча оғриқли қабул қилишади. Демак, мезбонлар мухлисларини хурсанд қилиш учун бор кучини ишга солиши керак.
«Бухоро» учун ҳам ушбу учрашувнинг аҳамияти катта. Чунки жамоа чемпионатда тўртинчи ўрин учун кураш олиб бормоқда ва бу баҳсда қўлга киритиладиган очколар улар учун жуда муҳим. Менимча, бу учрашув дуранг билан якунланиши ёки «Бухоро»нинг ғалабаси билан тугаши мумкин.
22 ноябр
16:00. Динамо-Бунёдкор
- Менимча, бу учрашув, аввало, мураббийлар ва футболчиларнинг шахсий амбициялари нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга. Чунки улар мавсум якунида муносиб натижа қайд этиш ва мукофот пулларини қўлга киритишни исташади. Бу жумладан, ўз майдонида ўйнайдиган «Динамо» учун ҳам муҳим. Жамоа мухлисларини хурсанд қилишни хоҳлайди.
«Бунёдкор» эса аллақачон ўтиш ўйинлари зонасида қолиши аниқ бўлди. Менимча, жамоа ҳам буни яхши тушуниб турибди. Шу боис, энди улар майдонга кўпроқ ўз ўйинларини яхшилаш ва ёш футболчиларнинг тажрибасини ошириш мақсадида чиқишлари мумкин.
Бу ёш жамоа. Назаримда, мазкур учрашувда барча устунлик «Динамо» томонида бўлади. Таркибида тажрибали ва маҳоратли футболчилар кўпроқ экани, шунингдек, ўз майдонида ўйнашини ҳисобга олсак, самарқандликлар ғалаба қозонади, деб ўйлайман. Менимча, «Динамо» икки гол фарқи билан устун келади.
«Андижон» ғалаба қозонади, «Навбаҳор» эса «Нефтчи»ни мағлуб этади – Сергей Токовнинг 28-тур олдидан муносабати
Футбол
19 ноябр, 05:30
ФИФА кунларидан кейин яна Суперлига баҳсларига эътибор қаратамиз.
Foto: Getty Images
20.11.2026, 07:00
Ўзбекистон Суперлигаси
Локомотив Ташкент
-
:
-
Пахтакор