«Динамо»да бу мавсумда ўтган йилгига қараганда натижалар борасида бироз пасайиш кузатилди. Жамоа ҳозирда турнир жадвалида 8-ўринда бормоқда. Олдинда «Бунёдкор»га қарши Суперлига 28-тур учрашувига тайёргарликни давом эттирмоқда. Баҳс олдидан жамоа асосий ҳимоячиларидан бири бўлган Жалолиддин Жумабоев билан суҳбатлашдик.
- Жалолиддин, аввало жамоанинг кейинги тур ўйинига тайёргарлиги қандай кетмоқда?
- Бўлажак ўйинга одатдагидек тайёргарлик кўрмоқдамиз.
- «Бунёдкор» билан ўйиндан нималар кутяпсиз?
- Мақсадимиз, «Бунёдкор»га қарши ўйинда максимал даражада яхши ўйин кўрсатиб, ўзимиз учун керакли бўлган 3 очкони қўлга киритиш ҳисобланади.
- «Динамо» кейинги турларда «Бунёдкор», «Нефтчи» ва «Сурхон» билан ўйнайсизлар. Айтингчи, бу ўйинларда неча очко олишни мақсад қилгансизлар?
- Охирги учта ўйинимизда максимал ҳаракат қилиб, кўпроқ очколга эга бўлиш ва мавсумни ҳозиргидан юқорироқда тугатишни мақсад қилганмиз.
- «Динамо»нинг бу йилги иштирокига муносабатингиз қандай?
- Таркибда кўп ўзгариш бўлди. Кўпроқ ёшлар билан ўйнадик. Шунга қарамай, мавсумни ўта ёмон ўтказганимиз йўқ. Қолган баҳсларда фақат ғалаба қозониб, ҳолатимизни янада яхшиламоқчимиз.
- «Динамо»нинг ўтган йилги натижасини такрорлаш учун нималар етишмади?
- Дарҳақиқат, ўтган мавсум жамоа тарихидаги энг яхши мавсумни ўтказдик. Афсуски, буни ушбу мавсумда такрорлай олмадик. Юқорида айтганимдек, жамоа таркибида кўп ўзгаришлар амалга оширилди. Қолаверса, бир мавсум якунига етмасдан икки бор легионерлар хизматидан фойдаландик. Булар ҳам натижаларга салбий таъсир қилди.
- Нефтчидаги пасайишдан кейин Динамода жиддий ўсишга эришдингиз. 2027 йилги режаларингиз қандай?
- Ҳали чемпионатимиз давом этмоқда. Келажагим борасида ўйла кўрмадим. Режа эса ҳар доим яхши жамоаларда тўп тепиш ва чемпионлик учун курашиш.