Ўзбекистон миллий жамоасини тарихда илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичига олиб чиққан Темур Кападзе Қозоғистон миллий жамоаси бош мураббийлиги учун эҳтимолий номзодлардан бири сифатида тилга олинди. Бу ҳақда Sports24.kz хабар бермоқда.
Sports.kz YouTube-каналидаги подкастда қатнашган қозоғистонлик спорт шарҳловчиси ва эксперт Тимур Айтмухамбетов Кападзенинг Ўзбекистон миллий жамоасидаги фаолияти, шунингдек, жамоага ҳужумкор ўйин услубини сингдира олишини алоҳида таъкидлади.
«Темур Кападзе ажойиб мутахассис. У футболчи сифатида ҳам зўр эди, жуда ақлли ва фикрлайдиган ўйинчи бўлган. Майдондалигидаёқ мураббий бўлишга тайёр эди. Яна бир бор айтаман, Темур Кападзе — жуда яхши танлов. Бундан ташқари, ўзбек биродарларимиз томонидан бизга улкан қўллаб-қувватлаш бўлади», — деди Айтмухамбетов.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистон миллий жамоасида бош мураббий лавозими Жон ван'т Шип билан шартнома узайтирилмаганидан кейин вакант бўлиб қолган. Нидерландиялик мутахассис қўл остида жамоа Миллатлар лигасида бирорта ғалабага эриша олмади ва ўз гуруҳида тўртинчи ўринни эгаллади.
Қозоғистон миллий жамоасига бош мураббийлик қилиш учун бошқа номзодлар сифатида «Қайрат»нинг собиқ устози Рафаел Уразбахтин, миллий жамоанинг собиқ сардори Андрей Карпович ҳамда «Ордабаси»нинг собиқ мураббийи Андрей Мартин ҳам тилга олинган.
Маълумот учун, Кападзе 2025 йил январидан 6 октабрига қадар Ўзбекистон миллий жамоасини бошқарган. Унинг қўл остида жамоамиз тарихда илк бор Жаҳон чемпионати финал босқичига йўлланма олди. Шунингдек, мутахассис Париж-2024 Олимпиадасида Ўзбекистон олимпия жамоасига устозлик қилган.
Ҳозирда Кападзе Наманганнинг «Навбаҳор» клубини бошқармоқда. У Қозоғистон чемпионатида ҳам тўп тепган: 2012–2014 йилларда «Ақтўбе» сафида 69 та баҳсда майдонга тушиб, 10 та гол урган.