«Фламенго» Бразилия чемпионати якунланишига 2 тур қолганида мамлакат чемпиони унвонини қўлга киритди.
Рио-де-Жанейро жамоаси чемпионатнинг 36-турида ўзининг асосий рақобатчиларидан бири «Палмейрас» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнади. Ушбу натижа «Фламенго»га муддатидан аввал чемпионликни расмийлаштириш учун етарли бўлди.
Шу тариқа, клуб ўтган мавсумда қўлга киритган чемпионлик унвонини муваффақиятли ҳимоя қилди ва ўз тарихида 10-марта Бразилиянинг энг кучли жамоасига айланди.
Ушбу кўрсаткич бўйича «Фламенго» мамлакат футбол тарихида 2-ўринда бормоқда. Рекорд эса 12 марта чемпионликни қўлга киритган «Палмейрас»га тегишли.
Айни пайтда «Фламенго» таркибида Европа футболида тажриба орттирган бир қатор таниқли футболчилар ҳаракат қилмоқда.
Жумладан, жамоа сафида аввал «Челси» ҳамда «Арсенал»да ўйнаган яримҳимоячи Жоржинио, шунингдек, «Атлетико»даги фаолияти билан танилган Саул ва Бразилия миллий жамоаси яримҳимоячиси Лукас Пакета ҳам клуб шарафини ҳимоя қилмоқда.