«Бухоро» клуби «Бунёдкор»га қарши ўтган оғир беллашувда ягона гол эвазига муҳим уч очкони қўлга киритишга муваффақ бўлди.
Мазкур баҳсдан сўнг бухороликлар устози Александр Хомяков матбуот анжуманида ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Александр Андреевич, бугунги ўйин ҳақидаги фикрларингиз қандай?
«Албатта, жуда хурсандман. Йигитлар оғир ўйинга қарамай, яна бир бор ўз характерларини намойиш этишди. Умуман олганда, бугун муносиб ўйин кўрсатишди, ҳеч бир жиҳатда рақибга ютқазишмади.
Тушунарли, ўйиннинг катта қисмида ҳимояланишга тўғри келди. Рақиб тўпни яхши назорат қилди, майдон марказидан ҳам яхши ўтди. Лекин яна такрорлайман, йигитларнинг фидойилиги ва улкан иштиёқи эвазига гол ўтказиб юбормадик. Ўз навбатида эса гол уришга муваффақ бўлдик. Бундан ташқари, яна бир-икки яхши вазиятимиз ҳам бўлди.
Жуда хурсандман. Ростдан ҳам, дарвозамиз дахлсиз қолганидан ва гол урганимиздан мамнунман. Бугун йигитлар борларини бериб ўйнашди. Шу сабаб уларга миннатдорлик билдираман ва катта раҳмат айтаман.
- Рақиб жамоада молиявий муаммолар борлиги айтилмоқда. Сизларда вазият қандай?
- Раҳбариятимиз бизни ўйлайди, қўллаб-қувватлайди ва доим жамоамиз ҳолатидан хабардор. Умуман олганда, биздаги вазиятни танқидий деб айтолмайман.
Шу ўринда вилоят раҳбариятига катта раҳмат айтиш керак. Улар доимо биз билан бирга. Биз ҳам ўз навбатида бунинг масъулиятини яхши тушунамиз ва уларнинг ишончини оқлашга, мухлисларни ғалабалар билан хурсанд қилишга ҳаракат қиламиз. Буларнинг барчаси ўзаро боғлиқ.
Шунинг учун вазиятимиз унчалик оғир эмас. Албатта, бундан ҳам яхшироқ бўлишини истардик, аммо умуман олганда шикоят қилишга асос йўқ. Раҳбарият бизни унутгани йўқ, вазиятимизни тушунади ва ўз зиммасидаги барча мажбуриятларни бажаришга ҳаракат қилмоқда.
- Трансфер бозори ҳали очиқ. Жамоага янги футболчилар келиши мумкинми?
- Ҳозирча бундай режаларимиз йўқ. Албатта, айрим позициялар борасида ўйлайсан, устига-устак, жароҳат олган футболчиларимиз ҳам бор. Мураббий сифатида айрим чизиқларни кучайтиришни хоҳлардим.
Аммо ҳозирча трансфер сиёсатини олиб бормаяпмиз ва янги футболчиларни таркибга қўшишни кўриб чиқмаяпмиз. Ҳозирги ҳолат шундай», - дея Хомяковнинг сўзларидан келтиради, Tribuna.uz журналисти.
Александр Хомяков: «Ҳозирча трансфер сиёсатини олиб бормаяпмиз»
Футбол
21 июл, 15:50
«Бухоро» устози «Бунёдкор»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Фото: Бухоро ПФК
21.07.2026
FT
Ўзбекистон Суперлигаси
Бухоро
1
:
0
Бунёдкор