Қаршининг «Насаф» клуби ёзги танаффусдан кейин чемпионатни ажойиб ғалаба билан бошлади. Тошкентда «Бунёдкор»га қарши бўлиб ўтган муҳим баҳсда «Аждарлар» иродали ғалабани намойиш қилдилар ва рақибини 1:3 ҳисобида таслим қила олдилар.
«Насаф»нинг мана шундай ёқимли ғалабасидан сўнг жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиев матбуот анжуманида бир қатор саволларга жавоб қайтарди.
- 10-15 дақиқа давомида ўйинни ёмон бошладик. Устига-устак гол ўтказдик. Голдан кейин балки вазиятни ўнглаш учун йигитларимиз ўзларида куч топа олдилар. Бундай иссиқда тўпни назорати жуда муҳим эди ва яхши назорат қилдик. Вазиятлардан ҳам унумли фойдаландик ва бу бизга ғалаба берди. Албатта, бугунги рақибимиз ҳам оддий жамоа эмасди. Биз яхши жамоани мағлубиятга учратиб, уч очкони қўлга киритдик. Темп жуда юқори бўлмагандир. Чунки бундай иссиқда темп у қадар юқори бўлмайди. Шунга қарамасдан футболчиларимиз майдонда сифатли ўйин кўрсатишга ҳаракат қилишди.
- Узоқ кутилган ғалаба билан табриклайман. «Насаф»ни турнир жадвалидаги ҳозирги ўрни ўзига ярашадиган ҳолатда эмас. Қолаверса, ёзги трансфер ойнасида ҳам ҳозирча «Насаф»дан янгилик кутмаяпмиз. 10 йиллик мураббийлик фаолиятингизда жорий мавсумдагиси энг қийини десак бўладими?
- Нима учун бу ғалабани узоқ кутдик, дедингиз? Кубок ўйинлари бунга кирмайдими? Савол тўғри бўлиши керак-да. Биз Кубок мусобақасида ҳам учрашувлар ўтказдик. Албатта, ушбу мавсум биз учун оғир бўлишини билардик. 10 та энг яхши етакчиларимиз клубни тарк этишганида бу ҳар бир жамоага қаттиқ таъсир қилади. Шунга қарамасдан вазиятни ўнглаб, ичимиздаги захирадан фойдаланиб, ёшларга имконият бериб, бор маҳсулотдан ўйинимизни қуришга ҳаракат қиляпмиз. Иккинчи даврада ўйинларимиз кўп бўлади. Халқаро ўйинда ҳам қатнашишимиз керак. Шунинг учун раҳбарият билан бу масалада суҳбатлашяпмиз. Шунчалик молиявий қийин шароитда ҳам бизга имконият яратиб бериб, икки-учта позицияга ўйинчилар керак бўлишини таъкидладик. Бизга ёрдам беришмоқчи ва бу албатта амалга ошади. Кўрдинглар, битта асосий таркибимиз бор. Захирада ўтирганларни бари эса ёш ўйинчилар. Яна биламизки, иккинчи давра ўрталарида олимпия терма жамоасини йиғинлари, ўйинлари бошланади. Шу боис бизга трансфер масаласида ўйинчиларни олишимиз жуда муҳим. Буни албатта амалга оширишга ҳаракат қиламиз.
- Шала ҳам, Сокари ҳам қайдномада йўқ экан. Менимча, ҳали уларни шартномалари бор эди. Уларга жавоб бериб юборилдими?
- Йўқми, демак бу келишув амалга оширилган. Шартномаси якунланишига бир ой қолганди. Шу боис шартномани бекор қилдик. Қолаверса, жароҳати сабабли тиклана олмади. Шунинг учун машғулотларда ҳам қатнаштирмадик. Шала эса охирги пайтларда йиғинда иштирок этмади, енгил жароҳат бор эди. Ҳозирда йиғинда тўлиқ қатнашган кўп йигитларимизни ҳолати жуда яхши. Аммо Шала, Ғолиб, Умарда ўйин амалиёти бўлмагани сезиляпти.
- «Насаф» халқаро майдонда ҳам ўйнайди. Легионерлар олиш режаси борми?
- Ҳозир бу саволга жавоб бериб ўтдим. Биз раҳбарият билан бу ҳақида гаплашяпмиз. Албатта, буни амалга оширишимиз керак бўлади.
- Жаҳон чемпионатида мураббийлардан ўзингиз учун нимадир ўрганяпсизми?
- Барча ўйинларни имкон қадар кузатишга ҳаракат қиляпман. Лекин бир нарсани айтиш керак, тенденция, бу нарса қолиб кетяпти. Жамоа кимда яхши шаклланган бўлса, бу яхши натижа беряпти. Охирги йилларда кўрдикки, жамоаларни кўп ҳимояга жиддий эътибор қаратиб, қарши ҳужумларда ҳаракат қилишаётганди. Лекин Испания билан Франция ўйинини кузатиб, шунга амин бўлдимки, барибир тартибли ўйин ёки ўйинни тўлиқ назорат қилиши, индивидуал футболчиларни ҳам ёпиб қўйиши – бу натижа беришини Испания мисолида кўрдим. Албатта, кўп мураббийлар борки, ҳар хил тактика танладилар. Лекин эътибор берган бўлсанглар, жойлашувларда кўп нарса ўзгармади. Чемпионатда руҳий томондан жамоаларни тайёрланиши менимча биринчи ўринга чиқяпти. Аргентинани руҳий тайёргарлиги, ҳар бир учрашувга бўлган иштиёқи ҳаммадан юқори кўриняпти. Кеча яна бир бор бунга амин бўлдик. Охиригача курашадиган жамоалигини яна кўрсатди. Ўйин мазмуни у қадар зўр бўлмагандир, бироқ руҳий тайёргарлиги, ғалабага бўлган ишончи ҳамда иштиёқи, мураббийларни руҳий тарафдан яхши тайёрлаётганига амин бўляпмиз. Марокаш, Швейцария ёки Норвегия терма жамоаларини ўйинга тайёргарлигини кўрдик. Менимча, футболчиларни даражалари бироз паст бўлса ҳам, аммо ҳеч кимдан қўрқмаслиги, ҳар бир рақибга қаршилик кўрсатиши, майдонда «авторитет» йўқлигини руҳий тарафдан кўрсатиб қўйишди. Шунинг учун улар кучли рақибларга ҳам бемалол қаршилик кўрсата олдидар. Спортда жанговарлик, руҳий тайёргарлик кўп нарсани ҳал қилади. Мураббийлар чемпионатда ҳам бу нарсага кўп эътибор қаратишяпти. Тактик ва техник жиҳатдан эса кўп нарса ўзгараётгани йўқ. Булар менинг шахсий фикрларим.
- Мундиалда сув ичиб олиш учун алоҳида тўхталишлар бўляпти. Масалан, чемпионатимизда ҳам қўлланиляпти. Бу қанчалик керак?
- Бугунги учрашувда бу нарса жуда ҳам керак эди. Бундай ҳавода зарур эди. Лекин Америкада, Мексикада қанақа об-ҳаволигини билмаймиз. Буни устида кўп ишлашган, сўровлар ўтказишгандир. Кимдир ўзидан-ўзи ўйлаб топмайди. Қаердадир ҳаво оғирроқ бўлса, бу футболчиларни организмига таъсир қилишини ўйлаб, менимча шундай йўл тутилган. Албатта, темпга таъсир қилиши мумкин. Бир тарафдан оғир мавсумни ўтказган футболчилар учун ҳам зарур. Ёки мураббийлар учун ҳам қаердадир ўзгариш қилиш, жамоага ниманидир етказиш учун ҳам бу муҳим.
- Бобир Абдуҳолиқов ўйинда иккита гол уришга эришди. Бу ҳақида нима дея оласиз?
- Бобир жуда муҳим иккита голни урди. Ютқазиб турганимизда вазиятни топиб уни амалга оширди. Ҳужумчига хос ҳаракат қилди. Иккинчи голини стадионда ҳеч ким, биз ҳам кутмагандик. Кутилмаганда қарор қилиши ва буни бажариши жамоамизга қўл келди. Отубанжони жарима майдони ичида шунақа енгил ҳаракатлари бор. Ностандарт ҳаракат қилиб, дарвозабонни ҳам алдаб ўтиши техникаси юқорилигини кўрсатди ва имкониятлардан унумли фойдаланишга ҳаракат қилдик. Иккаласи ҳам гол уриб, ғалабага муносиб ҳисса қўшишди. Ишончни оқлашди.
- Мутахассис сифатида жаҳон чемпионатида қатнашган миллий жамоамиз бош мураббийи Фабио Каннаварога ва «Насаф» футболчиларига қандай баҳо берасиз?
- Футболчиларни ҳолати қанақа бўлганини биздан кўра Каннаваро яхши билади. Абдувоҳидда ҳам албатта хатолар бўлди. Ўзи билан суҳбатлашиб, бу ҳақида гаплашдим. Энг асосийси, Неъматов бу вазиятдан чиқиши ва унутиши керак. Бундай қийин вазиятдан чиқиб кетиш кучли инсонга хос бўлади. Шу боис бу ҳақида у билан кўпроқ суҳбатлашдим. Мақсадимиз жаҳон чемпионатида қатнашиш эди, бунга эришдик. Бизга дарс бўлди. Хато ва камчиликлар бўлди. Буларни тузатиб, энди жаҳон чемпионатларида мунтазам қатнашишимиз керак», - дея Бердиевнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz журналисти.