Live
3
Ўзбек

Камолиддин Тожиев: «Ҳамма бизга қарши 200 фоиз куч билан ўйнайди»

Футбол
21 июл, 14:14
«Пахтакор» бош мураббийи «Хоразм»га қарши баҳсдан сўнг ўз фикрларини билдирди.
Камолиддин Тожиев: «Ҳамма бизга қарши 200 фоиз куч билан ўйнайди»
Фото: Пахтакор ПФК
21.07.2026 FT Ўзбекистон Суперлигаси Пахтакор Пахтакор 2 : 1 Хоразм Хоразм

«Пахтакор» клуби ушбу турда муҳим ғалабани қўлга киритди. Ўтган турда очко йўқотган «Шерлар» бу сафар мухлисларини хурсанд қила олди. Гарчи «Хоразм»га қарши беллашув қийин ўтганига қарамай, мезбонлар 2:1 ҳисобидаги иродали ғалабани қўлга киритишди.

Баҳсдан кейин «Пахтакор»нинг устози Камолиддин Тожиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Бугун ўйин бошида гол ўтказиб юборганимиз барибир руҳий тарафдан таъсир қилади. Кейин ўзимизга келдик ва гол урдик. Яхши вазиятлар яратдик. Футболчилар бугун яхши ҳаракат қилишди, охиригача курашишди, иккинчи голни ҳам урдик. Кўп имкониятлардан фойдалана олмадик. Ҳар ўйин шундай курашмасак ғалаба қозона олмаймиз. Бугун барча футболчилар охиригача курашиб, ғалабага эришганимиздан хурсандман.

- Иккинчи ўйиндирки, «Пахтакор»да босим ҳолати кузатиляпти. Голдан кейин олдинга ўтишдан тўхтаб қоляпти, орқага ўтиб оляпти. Нега бундай бўляпти?

- Ўтган сафар ҳам 1:0 дан кейин шунақа бўлганди. Буни устида йигитлар билан гаплашиб ишлаяпмиз. Руҳий томонлама ҳам иш олиб боряпмиз. Уларга ётиб олинглар демаганмиз. Гол ўтказиб юборишдан қўрқишяптими, билмайман. Лекин кўп учрашувларда шу нарса кузатиляпти.

- Эшитишимизча, футболчилар май ойидан бери маош олишмаётган экан. Агар рост бўлса, бу ҳам натижаларга таъсир қилмаяптими?

- Йўқ, ўтган ўйиндан олдин маошларни тўлаб беришди. Бундан эмас. Кимдир жаҳон чемпионатига борди, барибир ўзини чарчоғи бор.

- Олдин трансферлар ҳақида сўралганида сиз аниқ режалар борлиги хусусида айтгандингиз. Режалар қай тарзда бажарилди ёки яна янги трансферларни кўришимиз мумкинми?

- Ҳали ҳам шуни устида ишлаяпмиз. Яна бир-иккита футболчи олиш режамизда бор.

- Жамоага сербиялик мураббий ҳам қўшилибди. У жамоадаги қайси камчиликларни ёпади, қайси жиҳатларни ривожлантиришга ёрдам беради?

- Уни таклиф қилдик. Кузатиб боргандик. Тактика томонлама ёрдам беришга чақирганмиз.

- Жамоангизнинг ироқлик футболчиси жаҳон чемпионатида қатнашди. Бироқ ироқлик мухлислар унга таҳдид қилишди. Унинг руҳий ҳолати қандай?

- Алоҳида гаплашдик. Ҳали ҳам руҳий ҳолати жойида эмас. Бунинг устида ишлаяпмиз. У ҳам ҳали қилган қўпол хатоларидан ҳаяжонда. Ҳаммаси билан гаплашяпмиз. Худо хоҳласа, кейинги учрашувлардан барчасини руҳий ҳолати жойига тушиб қолади.

- «Пахтакор» кейинги турни «Бунёдкор»га қарши ўтказади. Лекин «Пахтакор» охирги иккита учрашувда ушбу рақибини таслим қила олмаган. «Бунёдкор»нинг ҳозирги ҳолатидан кўпчилик хабардор. Шу ҳолат жамоангизга қўшимча устунлик бериши мумкинми?

- Йўқ. Бизга қарши ҳамма 200 фоиз куч билан ўйнайди. Ҳар бир учрашув биз учун қийин кечади. Бу олдиндан бўлиб келган дерби. Барибир биз билан ўйинга ҳамма «настрой» қилади. Қийин аҳволдами-йўқми, ўзини кўрсатишга ҳаракат қилишади», - дея бош мураббийнинг сўзларидан келтиради Tribuna.uz мухбири.

Тегишли жамоалар ва лигалар

  • Пахтакор Пахтакор
  • Хоразм Хоразм
  • Ўзбекистон Суперлигаси Ўзбекистон Суперлигаси
Бугунги янгиликлар