Кюрасао миллий жамоаси бош мураббийи Дик Адвокат Эквадорга қарши ўйин олдидан ўз фикрларини билдирди.
«Кюрасао учун бу ерда бўлиш нимани англатишини тушунишимиз керак. Йигитлар улкан стадионларда ўйнашмоқда ва ҳақиқатан ҳам ақлбовар қилмайдиган воқеликни бошдан кечиришмоқда.
Улар учун ва бутун мамлакат учун ушбу турнирда иштирок этишнинг ўзи улкан ютуқдир. Кюрасао нафақат ўзини дунё футбол харитасида танитди, балки жаҳон саҳнасида ҳам ўз изини қолдирди.
Энди кўпчилик унинг қаерда жойлашганини ва бу гўзал орол эканлигини билади. Бутун мамлакат бу шуҳратдан фойда кўради ва бу фақат ижобий ҳолат бўлиши мумкин.
Аввал айтганимдек, ҳар бир ўйин биз учун муҳим, чунки у бизга миллий жамоа сифатида ҳам, алоҳида ўйинчилар сифатида ҳам нимага қодир эканлигимизни кўрсатиш имконини беради. Биз ҳақиқатан ҳам кучли жамоа билан учрашамиз. Эквадор юқори савиядаги жамоа билан яхши ўйин ўтказди. Бизда хомхаёллар йўқ, курашишимиз ва бутунлай диққатимизни жамлашимиз керак», — дея Адвокатнинг сўзларини келтиради FIFA расмий сайти.