Кот-д’Ивуар миллий жамоаси бош мураббийи Эмерс Фаэ Эквадорга қарши ўйиндан сўнг ўз фикрларини билдирди.
«АҚШни томоша қилиб, кейин уйга қайтиш учун келмаганмиз. Яқинда Францияни мағлуб этдик. Турнирни муваффақиятли бошладик ва Эквадорни енгдик. Улар ҳам кучли жамоалардан бири ҳисобланади.
Германияга қарши ўйин қийин бўлади. Улар жуда катта тажрибага эга ва бир неча бор жаҳон чемпиони бўлган. Таркибида Европанинг энг йирик клубларида ўйнайдиган футболчилар бор ва ҳужум чизиғи ҳам жуда хавфли.
Гарчи вазифа қийин бўлсада, аммо биз ғалаба қозониш ва иккинчи турнинг ўзида плей-офф масаласини ҳал қилиш учун уларга қарши курашамиз», — дея Фаэнинг сўзларидан келтиради FIFA расмий сайти.
Эслатиб ўтамиз, Германия биринчи турда Кюрасаони 7:1 ҳисобида мағлуб этган бўлса, Кот-д’Ивуар Эквадордан устун келган.