«Андижон» клуби сафида тажрибали футболчилар бисёр. Улардан бири сифатила алоҳида ажралиб турадигани бу – Драган Черан.
Ўзбек футболида ёрқин таассурот қолдирган сербиялик ҳужумчи жорий мавсум бошидан «Бургутлар» шарафини ҳимоя қилиб келяпти. Гарчи у бу йил 39 ёшни қаршилайдиган бўлса ҳам Черан профессионаллиги ва тажрибаси билан ёшларга ҳам ўрнак бўлмоқда ва жамоа учун фойдали ўйинчилигини кўрсатиб келяпти.
Черан бир қатор саволларга жавоб берар экан, ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
- Драган, айни пайтда ёзги йиғин қандай давом этмоқда? Асосий эътибор нимага қаратилмоқда?
- Ҳозирча ҳаммаси жойида. Кунда икки марталик режим асосида шуғулланяпмиз. Одатда, йиғиннинг бошланиши доим зўр кечади: жисмоний ҳолат, кайфият жойида бўлади. Машғулотлар ҳам шунга мос равишда ўтиб, мураббийнинг ҳамма кўрсатмаларини бажарамиз.
- 11 та турдан сўнг қандай хулосаларга эга бўлдингиз?
- Жамоа таркибидаги аксар футболчилар янги. Танишиш учун вақт керак эди. Ҳозир анча чиқишиб қолдик. Аввалига ўйинимизда бироз пасайиш кузатилди. Бешта ўйиндан сўнг ҳаммаси жойига тушиб, яхши ўйин ва сифатни кўрсата бошладик.
- «Андижон»нинг ўз мақсадига эришиш йўлидаги потенциалини қандай баҳолайсиз?
- Қадамба-қадам ўйинимиз изига тушди ва шу руҳда давом этяпмиз. Ўйлайманки, потенциалимиз катта.
- «Андижон»даги фаолиятингиз давомида сизга кўпроқ нима ёқяпти?
- Клубдаги муҳит ёқмоқда, бир-биримизни тушуняпмиз, ҳурмат қиляпмиз ва бу футболдаги энг муҳим омиллардан биридир.
- Айтинг-чи, фарзандларингизни ҳам футболчи бўлишини хоҳлайсизми?
- Улар Тошкентда яшашганида «Пахтакор»да шуғулланишди. Ҳозир юртимизда шуғулланишяпти. Энг асосийси, улар футболни севишади ва уларнинг шаклланишига ёрдам беришни ўзимнинг вазифам деб ҳисоблайман.
- Клуб инфратузилмаси ва базадаги шароитлар борасида фикрингиз қандай?
- Инфратузилмага гап йўқ, база қойилмақом даражада!
- Ислом Аҳмедов бош мураббий этиб тайинлангач, жамоада нимани ўзгартирди?
- Ислом Аҳмедов - ёш, яхши мураббий. Уни қўллаб-қувватлаймиз. Умид қиламанки, бирга ўсиб бораверамиз, ўйинга бўлган ёндашувимиз ҳам яхши томонга ўзгариб, энди ҳужумкор ўйин кўрсатяпмиз.
- Жаҳон чемпионатини кузатаётгандирсиз-а?
- Ҳозир томоша қилиш оғир. Чунки аксар ўйинлар кеч бошланяпти. Шу боис кўпроқ натижаларга кўз югуртириб қўйяпман.
- Ўзбекистон миллий жамоамизнинг мундиалдаги имкониятларини қандай баҳолаяпсиз?
- Ўзбекистон ҳар бир кундан ҳузур олмоғи керак. Улар биргаликда тарихни ёзишни бошлаётганларини ҳис қилмоқликлари мақсадга мувофиқ. Ўз навбатида мухлислар уларни қаҳрамонлардек қабул қилишлари ва шундай нуфузли мусобақада юрт шаънини ҳимоя қилаётганлари учун ҳурмат қилишлари зарур.
- Сиз учун мундиалдаги яққол фаворитлар кимлар?
- Фаворитлар кўп. Менимча, Франция билан Испания охиригача курашишади.
«Андижон»да инфратузилмага гап йўқ, база қойилмақом даражада, Ислом Аҳмедовни қўллаб-қувватлаймиз» - Драган Черан
Эксклюзив
15 июн, 04:29
Tribuna.uz мухбири сербиялик 39 ёшли футболчи билан суҳбатлашди.
Фото: Андижон ПФК