Криштиану Роналдунинг турмуш ўртоғи Жоржина Родригес португалиялик ҳужумчининг 41 ёшида ҳам юқори мотивацияни қандай сақлаб қолаётганини айтиб берди.
«Мен кўпинча Криштиануга: «Сенда аллақачон ҳамма нарса бор, энди ҳаётдан бироз кўпроқ завқланайлик», дейман.
У эса менга: «Сизлар мен учун ҳамма нарсасиз, футбол эса менинг иштиёқим», деб жавоб беради.
Энг ҳайратланарлиси шундаки, у билан танишган кунимдаги футболга бўлган иштиёқи ҳозир ҳам ўзгармаган.
У ҳеч қачон ўзини аямайди. Одамлар ундан фаолиятини қачон якунлашини сўрашади. Очиғини айтсам, у 50 ёшгача ҳам ўйнай олади», — деди Жоржина.
Маълумот учун, Криштиану Роналду айни пайтда 41 ёшда бўлиб, Португалия миллий жамоаси сафида ЖЧ-2026да иштирок этмоқда. У турнирнинг дастлабки икки учрашувида 2 та гол уришга муваффақ бўлди.