«Барселона» ҳимоячиси Жерар Мартин жамоанинг ҳозирги ҳолати ва Чемпионлар лигасидаги мақсадлари ҳақида фикр билдирди. Унинг айтишича, Ла Лиганинг сўнгги турида «Атлетико» устидан қозонилган ғалаба футболчиларга ўзига бўлган ишончни қайтаришга ёрдам берган.
«Атлетико» устидан қозонилган ғалаба жуда муҳим эди. Биз яхши ўйин намойиш этмоқдамиз, аммо мавсум эндигина бошланди ва янада ривожланишимиз керак. Муҳим баҳслардаги кетма-кет икки мағлубият маълум даражада норозилик келтириб чиқарди. Шунга қарамай, хотиржамман, чунки тўғри йўлдан бормоқдамиз», — деди Мартин журналист Ашраф Бен Аядга берган интервюсида.
Ҳимоячи Мадрид клуби билан баҳсни «Барселона» яхши бошламаганини тан олди. Бироқ жамоа вазиятни ўзгартириб, якунда ғалаба қозонишга муваффақ бўлган.
«Тўғри, ўша баҳсни ёмон бошладик, аммо вазиятни тўғрилаб, қийинчиликларни енгиб ўтдик. Якунда ғалаба қозондик ва энг муҳими ҳам шу», — дея қўшимча қилди футболчи.
Чемпионлар лигасидаги мақсадлар ҳақида гапирар экан, Мартин жамоа совринни қўлга киритишни исташини, аммо бу мақсадга ортиқча берилиб кетмаслигини таъкидлади.
«Бу мақсадга қанчалик берилиб кетганмиз, билмайман. Аммо босқичма-босқич ҳаракат қилишимиз керак. Биз буни васвасага айлантирмаймиз. Ғалаба қозонишни истаймиз ва бунинг учун қўлимиздан келган барча ишни қиламиз. Бу мураккаб вазифа эканини тушунамиз, аммо бор кучимизни сарфлаймиз», — деди Мартин.
Маълумот учун, «Барселона» Чемпионлар лигаси умумий босқичида 9 очко билан 5-ўринда бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, каталонияликлар Ла Лиганинг сўнгги турида «Атлетико»ни мағлуб этиб, муҳим уч очкони қўлга киритган.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади