Мадриднинг «Реал» клуби собиқ яримҳимоячиси Тони Кроос «Барселона»нинг Ҳанс-Дитер Флик қўл остидаги ўйин услуби ҳақида фикр билдирди. Унинг таъкидлашича, каталонияликларнинг ҳужумкор футболи Чемпионлар лигасида ғалаба қозониш учун етарли бўлмаслиги мумкин.
«Бундай ўйин услуби билан «Барселона»га Чемпионлар лигасида ғолиб чиқиш жуда қийин бўлади. Уларнинг ёндашуви рақибдан кўпроқ вазият яратишга қаратилган. Аммо Чемпионлар лигасида бу анча мураккаб — бу ерда ҳар бир баҳсда бир нечта гол уришга қодир жамоаларга қарши ўйнашга тўғри келади.
Бундан ташқари, ҳимояда жуда ишончли ҳаракат қиладиган ва «Барса»га одатдаги ўйинини намойиш этиш имконини бермайдиган рақиблар ҳам бор.
Бундай шароитда ҳимояланишни ҳам билиш керак. Аммо «Барселона» ғалаба қозониш учун доим камида икки-учта гол уришига тўғри келмоқда. Чемпионлар лигасидаги ҳар бир баҳсда бунга таяниш жуда катта таваккал», — дея Крооснинг сўзларини Тhe Touchlinе келтирмоқда.
Маълумот учун, «Барселона» жорий мавсумда ҳужумкор футбол намойиш этмоқда. Бироқ жамоа октабр ойи охирида «ПСЖ»га 2:4, «Реал»га эса 1:2 ҳисобида имкониятни бой берди.
Эслатиб ўтамиз, Тони Кроос 2024 йил ёзида профессионал футболчилик фаолиятини якунлаган. У «Реал» сафида бир неча бор Чемпионлар лигаси ғолибига айланган.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади