Суперлиганинг 27-турида бўлиб ўтган «Андижон» ва «Локомотив» учрашувининг 42-дақиқасида меҳмонлар футболчисининг қўлига ўз жарима майдони ичида тўп тегади. Аммо ҳакам бу вазият учун пеналти белгиламади.
Мазкур баҳсли ҳолат бўйича ЎзФҲМдан расмий изоҳ берилмади. Ушбу вазиятни баҳолаш учун хорижлик тажрибали мутахассис билан боғланиш зарур бўлди. Натижада мисрлик халқаро даражадаги собиқ ҳакам Жиҳад Ғриша баҳсли эпизод бўйича ўз фикрини билдирди.
Мисрлик собиқ халқаро тоифадаги ҳакам Жиҳад Ғриша баҳс-мунозараларга сабаб бўлган эпизодда бош ҳакамнинг пеналти белгиламаслик ҳақидаги қарорига ойдинлик киритди. У майдонда қабул қилинган қарор 100 фоиз тўғри ва футбол қоидаларига тўлиқ мос бўлганини тасдиқлади.
Ғриша Африка ва Миср ҳакамлиги тарихидаги энг таниқли арбитрлардан бири ҳисобланади. У халқаро миқёсдаги фаолияти давомида 2014 йилги ФИФА жаҳон чемпионатида иштирок этган.
Шунингдек, 2016 йилда дунёнинг энг кучли 22 нафар ҳаками қаторига киритилган ва Африка қитъасидаги бир қатор нуфузли мусобақаларнинг муҳим учрашувларини бошқарган.
Эксклюзив баёнотида Ғриша мазкур вазиятда тўп ҳимоячининг қўлига текканини тан олган, бироқ бу ҳолат қоидабузарлик сифатида баҳоланмаслиги ва пенальти белгиланишига асос бўлмаслигини таъкидлаган. Халқаро ҳакамлик эксперти вазиятни қуйидагича изоҳлаган:
«Бу эпизодда ҳақиқатан ҳам тўп қўлга теккан. Бироқ тўп аввал ҳимоячининг ўз оёғидан қайтиб, қўлига келиб теккан. Бундан ташқари, тўпнинг йўналиши ва тезлиги кутилмаганда ўзгарган».
Ғриша сўзларида давом этган:
«Тўпнинг футболчининг ўз оёғидан қайтиши натижасида йўналиши ва тезлиги кескин ўзгаргани ушбу ҳолатни кутилмаган тўп сифатида баҳолашга асос бўлади. Бундай вазиятларда футбол қоидаларига кўра, ҳимоячи қасддан қўл билан ўйнамагани ва тўпнинг қўлига тегишининг олдини олиш имконияти бўлмагани сабабли жазоланмайди».
Жаҳон чемпионатида ишлаган собиқ ҳакам ўз фикрларини якунлар экан, майдондаги арбитрнинг қарори мутлақо тўғри бўлганини яна бир бор таъкидлаган:
«Тўғри қарор — ўйинни давом эттириш ва ҳеч қандай қоидабузарлик қайд этмаслик эди. Ҳакамнинг қарори мутлақо тўғри бўлган».