Жаҳон чемпионатининг 11-куни футбол майдонидан ташқаридаги воқеалар билан ҳам эътиборни тортди. ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг парвозлари, АҚШдаги жазирама об-ҳаво, Ламин Ямалнинг жавоби ва Эрон миллий жамоаси билан боғлиқ муаммолар куннинг асосий мавзуларига айланди.
Аввало, Жанни Инфантино яна эътибор марказида бўлди. Турнирнинг дастлабки етти кунида ФИФА президенти 10 та баҳсга ташриф буюрган. У Qatar Airways хусусий самолётидан фойдалангани фонида экология ва барқарорлик ҳақидаги чақириқлар яна муҳокамаларга сабаб бўлди. Grenley таҳлилчиларининг ҳисоб-китобларига кўра, Инфантинонинг турнир охиригача бўлган парвозлари 300 дан 500 тоннагача карбонат ангидрид чиқиндисини ҳосил қилиши мумкин.
АҚШдаги иссиқ об-ҳаво ҳам мундиалнинг муҳим мавзуларидан бирига айланди. Маямида Уругвай ва Кабо-Верде мухлислари 30 даражадан юқори ҳарорат остида стадионга йўл олди. Намлик туфайли ҳаво деярли 40 даражадек сезилди. Мадридда эса Испания миллий жамоаси баҳсининг оммавий намойиши бекор қилинди. Бунга 39 даражагача етиши кутилган ҳарорат сабаб бўлди.
Испания миллий жамоаси Саудия Арабистонини мағлуб этган баҳсдан кейин Ламин Ямал ҳам эътибор марказига тушди. Саудиялик мухлисларнинг «Ямал қани?» деган чақириқларига 18 ёшли футболчи ижтимоий тармоқларда қисқача «I,m here» («Мен шу ердаман») деб жавоб қайтарди.
Лос-Анжелесда бўлиб ўтган Эрон – Белгия баҳси эса спортдан ташқари омиллар билан ҳам эсда қолди. Эрон миллий жамоаси бош мураббийи Амир Ғаленои турнир давомида жамоа дуч келаётган логистика муаммолари, виза масалалари ва узоқ сафарлар ҳақида шикоят қилди. ОАВ маълумотларига кўра, Эрон футболчилари Белгия билан баҳс олдидан 16 соатдан кам машғулот ўтказишга улгуришган.
Миср миллий жамоасида эса Муҳаммад Салоҳ ва бош мураббий Ҳоссам Ҳасан ўртасида келишмовчилик борлиги ҳақидаги гап-сўзлар рад этилди. Ҳасан жамоада ҳеч қандай муаммо йўқлигини таъкидлади. Орадан кўп ўтмай Миср Янги Зеландияни 3:1 ҳисобида мағлуб этиб, Жаҳон чемпионатлари тарихидаги илк ғалабасини қўлга киритди.
Япония мухлислари эса яна бир бор ўз анъаналарига содиқ қолди. Тунис устидан қозонилган 4:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг улар Монтеррей стадионидаги трибуналарни тозалаб чиқди. Бироқ бу сафар Япониянинг ўзида ижтимоий тармоқларда ҳазиломуз мунозара ҳам бошланди. Унда «стадионларни тозалайдиган япон эркаклари уй ишларига кам вақт ажратади» деган пост кенг тарқалди.
Маълумот учун, Жаҳон чемпионати 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мекcикада бўлиб ўтмоқда. Турнирда илк бор 48 та миллий жамоа иштирок этмоқда.