Ўзбекистон миллий жамоаси яримҳимоячиси Жалолиддин Машарипов «Динамо» жамоасининг бу йилги натижалари пасайиб кетгани сабаблари ҳақида фикрини билдирди.
«Суперлигада «Динамо»нинг 14-ўринга тушиб кетгани? Ўзим учун ҳам бу борадаги сюрприз – «Динамо» бўляпти. Бу жамоанинг кўрсатаётган футболи шунақа чиройлики, худди Испания клубларининг ўйинини кўраётгандек бўлади одам. Маза қилиб дам олади. «Андижон» «Динамо» билан ўйинда камбэк қилиб кетганига ҳайронман. Чунки «Динамо» Суперлигада кўп клубларни тўпсиз қолдиради. Ўйлайманки, «Динамо»даги энг муаммоли жойи – ҳимоя чизиғи. Ҳимояда хатолари жуда ҳам кўп, эътибор беринг, ҳужуми кўп гол урмоқда, ҳимояда эса хатолар кўп. Ҳужуми битта гол урса, ҳимоя иккита гол ўтказаяпти. Ҳужумчилар 2та гол урса, ҳимоя 3та ўтказяпти.
«Динамо» ўзи яхши жамоа, мухлислари ҳам қаерда бўлса қўллаб-қувватлайди. Ўйинчилари ҳам савияси бор футболчилар, буни бемалол айта оламан. Лекин ҳимояни тўғрилаш керак деб ўйлайман. Чунки ҳужум яхши бўлгани билан ҳимоя ўтказиб юбораверса, фойдаси бўлмайди – 3 очко ололмайсиз», - деди Жалолиддин Машарипов Qobiljonov.Uz ютуб-каналидаги подкастда.
Маълумот учун, «Динамо» 2025 йилги мавсумда Суперлигада 4-ўринни эгаллаган бўлса, кубок баҳсларида яримфиналгача етиб борганди. Бу мавсум эса Вадим Абрамов шогирдлари 10 ўйинда 2та ғалабага эришиб, турнир жадвалида 14-ўринда бормоқда.
Аввалроқ, клубда молиявий муаммолар кузатилаётгани, Самарқанд вилояти маҳаллий бюджети ҳисобидан клубга 10 миллиард сўм ажратилгани хабар қилинганди.