«Барселона»нинг 19 ёшли вингери Ламин Ямал машғулотларда қўшимча ишлашга алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу ҳақда журналист Санти Овалие хабар берди.
Маълум қилинишича, испаниялик футболчи жамоавий машғулотлар якунланганидан кейин ҳам майдонда қолиб, жарима зарбаларини ижро этиш устида ишлайди. Шунингдек, у ҳужумларни якунлаш ва гол уриш маҳоратини оширишга ҳаракат қилмоқда.
Қайд этилишича, Ямал баъзан дам олиш кунларида ҳам машғулот ўтказиш учун клуб базасига ташриф буюради.
Қизиғи, Лионел Месси ҳам «Барселона»нинг асосий жамоасидаги фаолиятини бошлаган даврда стандарт вазиятлар устида қўшимча шуғулланган.
Маълумот ўрнида, бу мавсум Ямал барча мусобақалар доирасида 15 та учрашувда майдонга тушиб, 13 гол урди ва 11 ассист амалга оширди.
У ҳозирда каталонияликлар ҳужумидаги етакчи футболчилардан бирига айланган. Аввалроқ Ямал Чемпионлар Лигасида Мбаппенинг рекордини янгилагани маълум қилинганди.