Бразилия миллий жамоаси ҳужумчиси Винисиус Жуниор Сингапурга қарши ўртоқлик баҳсида (7:0) ҳет-трик қайд этди. Футболчи 60-дақиқада алмаштирилганида бундан норози эканини яширмади. У майдонда кўпроқ вақт ўтказишни исташини, бироқ бошқа футболчиларга ҳам имкон бериш кераклигини тушунтирди. Lance нашри Винисиуснинг сўзларини келтирмоқда.
«Мен доимо майдонда кўпроқ вақт ўтказишни истайман. Бироқ бошқаларга ҳам ўйнаш имкониятини бериш кераклигини тушундим. Бундан ташқари, Аллан дебют қилиши лозим эди. Барчага майдонга тушиш имконияти берилганидан хурсандман», — деди ҳужумчи.
Винисиус жамоанинг тайёргарлик жараёни ҳақида ҳам фикр билдирди.
«Бу — тайёргарлик даври. Мураббий кўп нарсани синаб кўрди ва барчага ўйнаш имкониятини берди. Таркиб борасида бир қарорга келишимиз керак, чунки Америка кубоги ҳам, саралаш баҳслари ҳам яқинлашмоқда», — дея қўшимча қилди футболчи.