«Реал» вингери Винисиус Жуниор Жаҳон чемпионатидан кейин Бразилия миллий жамоасига нисбатан билдирилган танқидлар ҳақида ўз фикрини билдирди.
«Жаҳон чемпионатидан кейинги танқидлар — бу табиий ҳолат. Мухлислар тўрт йил давомида ғалабани кутишди, биз эса бутун мамлакатнинг умидларини оқлай олмадик. Мени 16 ёшимдан, яъни «Реал»га сотилганимдан бери танқид қилишади. Ҳар ким хоҳлаган гапини айтишини тушуниб етдим ва ўзимга фойда келтирадиган танқидларни қабул қилишим кераклигини англадим.
Миллий жамоа сафида кўплаб ўйинларда яхши ҳаракат қилмаганман. Клубларда ўртоқлик баҳсларига оддий ўйиндек қарашади. Миллий жамоада эса ўртоқлик учрашувлари ҳам худди Жаҳон чемпионатидек аҳамиятга эга эканини тушунишим учун вақт керак бўлди. Ҳар доим ўйинга тайёр бўлишим керак. Мухлислар учун бу шунчаки ўртоқлик учрашуви эканининг аҳамияти йўқ. Мен майдонга тушишим, гол уришим ва жамоамнинг ғалаба қозонишига ёрдам беришим керак. Буни англаб етишим учун ҳам вақт талаб қилинди.
Авваллари миллий жамоага келганимда дўстларим билан вақт ўтказишдан завқланардим, натижада кўпинча ўйиндан четда қолиб кетардим. Энди фикрлаш тарзимни ўзгартирдим. Иккита Жаҳон чемпионатида ёмон иштирок этмадим, аммо энг муҳим паллада ўзим кутган даражада ўйнай олмадим.
Кейинги мундиалда 30 ёшда бўламан. Тажрибам кўпроқ бўлади, ўйинни яхшироқ тушунаман. Мухлислар эса биз ғалаба қозонмагунимизча танқид қилишда давом этишади», — дея Винисиуснинг сўзларини келтиради Globo Esporte.
Винисиус: «Бразилия сафида ўртоқлик баҳслари ҳам ЖЧ даражасида қабул қилинишини англаб етдим»
Футбол
16 ноябр, 14:20
«Реал» вингери миллий жамоага бўлаётган танқидлар ҳамда кейинги мундиалда ўйнаши ҳақида гапирди.
Foto: Getty Images