Аргентиналик 18 ёшли футболчи Абел Нунес ўйин вақтида юз берган бахтсиз ҳодисадан сўнг шифохонада вафот этди.
TyC Sports нашрининг хабар беришича, ҳодиса пайшанба куни AFA Juveniles C турнири доирасидаги «Эсейса» ва «Депортиво Мунис» ёшлар жамоалари ўртасидаги учрашув вақтида содир бўлган.
Нунеснинг бошига тўп тегган. «Эсейса» футболчисига воқеа жойида тиббий ёрдам кўрсатилган, шундан сўнг у шифохонага ётқизилган. Ҳодиса сабабли беллашув тўхтатилган.
Шифохонада футболчи операция қилинган, бироқ унинг аҳволи яхшиланмаган. Якшанба куни «Эсейса» клуби Абел Нунес вафот этганини расман маълум қилди.
Клуб баёнотида шундай дейилади: «Бу — клубимиз тарихидаги энг оғир хабар. Чуқур қайғу ва аламда бутун ҳаёти ҳали олдинда бўлган ёш йигит билан хайрлашмоқдамиз. Унинг вафоти қалбимизда сўз билан ифодалаб бўлмайдиган бўшлиқ қолдирди.
У бизнинг либосимизни фахр билан кийиб майдонга тушганди. Унинг вафоти муносабати билан чексиз қайғудамиз.
Бугун футбол иккинчи ўринга тушди. Биз жамоадошимиз, орзу-умидларга тўла ёш йигит ва оиламизнинг бир аъзоси билан аламли тарзда хайрлашяпмиз.
«Эсейса» клуби номидан ушбу оғир дамларда унинг оиласи, дўстлари, жамоадошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдирамиз ва уларни қўллаб-қувватлаймиз.
Жойинг жаннатда бўлсин. Сен доимо бизнинг оиламизнинг бир қисми бўлиб қоласан».
Аргентинада 18 ёшли футболчи бошига тўп тегиши натижасида вафот этди
Футбол
16 ноябр, 12:47
«Эсейса» клуби футболчи Абел Нунеснинг вафотини маълум қилди.
Foto: Getty Images