Хабарингиз бор, Нукуснинг «Орол» жамоаси муддатидан олдин Пролига ғолиблигини қўлга киритиб, 2027 йили Суперлигада қатнашиш ҳуқуқини қўлга киритди.
«Орол»нинг ушбу натижага эришишида 32 ёшли тажрибали ярим ҳимоячи Фарҳод Бекмуратовнинг ҳам муносиб ҳиссаси бор.
Йил бошида Қирғизистоннинг «Азия Талас» клубида тўп сурган футболчи ёзда «Орол»га кўчиб ўтди. Нукусликлар таркибида футболчи 10 та учрашувида майдонга тушди.
- Фарҳод, аввало «Орол» билан Суперлига йўлланмаси қўлга киритилгани билан табриклайман. Бунга қандай эришдинглар?
- Табрик учун катта раҳмат. Йил бошида раҳбарият Суперлигага чиқиш вазифасини қўйган экан. Шунга монанд ҳамма бир бўлиб, бир ёқадан бош чиқариб ҳаракат қилдик. Ҳамма фақат бир хаёлда - Суперлигага чиқиш йўлида қаттиқ меҳнат қилди.
- Маълумки, сиз мавсумни Қирғизистонда «Азия Талас»да бошладингиз ва ёзда «Орол» клубига ўтдингиз. Бу нима билан боғлиқ эди?
- Ҳа, мавсумнинг биринчи ярмини қўшни давлат - Қирғизистонда ўтказдим. Бошида яхши бошланган эди. Орада жароҳат олиб қолдим. Бир ойча сафдан чиқдим. Шундан кейин мураббийлар томонидан ишонч бўлмади. Кейин гаплашиб, ўзаро келишган ҳолатда кетиш энг маъқул вариантлигини тушундим. Шу орада «Орол»дан таклиф тушди. Суперлига клублари бу пайтда керакли футболчиларни олиб, чемпионат бошланишига 5 кун қолганда қайтганим учун Суперлигадан таклиф бўлмади. Шу боис ўйлаб ўтирмасдан «Орол» жамоасига ўтдим ва танловим хато бўлмаганини билдим.
- Пролига даражаси ҳақида гап кетганда нимани айта оласиз?
- Пролига жамоалари яхши. Ўтган йили адашмасам, 6 жамоа эди. Бу йил 14 та бўлди. Ўйинлар ҳам ўзига яраша қизиқарли бўлди. Фақат «ТерДу» жамоасини келажаги дилни хира қилди. Қолган ҳаммаси яхши, даражада ўтди.
- «Орол» таъқибчиларини катта фарқ билан ортда қолдирди ва ҳеч ким бас кела олмади. Бунинг сабаби нима билан боғлиқ?
- Қаттиқ меҳнат. Бу меҳнатни тагида кўпчиликни хизматлари бор. Мураббийлар, раҳбарият, футболчиларни тинмасдан меҳнат қилгани ва албатта энг яқин таъқибчиларимизни ютганимиз бўлди. «Шўртан», «Ғазалкент», «Металлург», «Каттақўрғон» каби клубларни айтишим мумкин.
- Эшитишимча, сиз мураббийлик курсига ўқияпсиз. Демак, мураббий бўлиш режангизда бор, ўқишлар қандай кетмоқда?
- Ҳа, тўғри эшитибсиз. 3 йил аввал С лицензияни олгандим. Энди Б га ўқиш бошланди. Биринчи модул тугади, Андижонда бўлди. Уни тажрибали Бахтиёр Дадаматов олиб борди. Энди Фарғонада, учинчи якуний модул Наманганда бўлади.
- «Орол» клуби билан келаси йили Суперлигада иштирок этасизми ёки бошқа режангиз борми?
- «Орол» клуби билан 30 ноябргача шартнома қилганман. У ерда ҳозир нима бўлаётганидан хабарим йўқ. Тез орада келажагим ҳақида қарор қабул қиламан, бафуржа гаплашиб олишимиз керак.
- «Орол»да янги стадион қурилди, инфратузилма яхшиланди. Бу борада нималарни айта оласиз?
- Ҳа, эски стадионини бошқатдан таъмирлашди. Очиғи, қилинган ишларни кўриб хайрон қолдим, яхши маънода. Ҳаммаси идеал, Суперлига жамоасига нима керак бўлса, ҳамма нарса тайёр. Мухтарам Президентимиз келиб ўзлари очиб бергани ҳам буни тасдиқлайди.
- Мураббий сифатида ўзингизни қандай кўряпсиз?
- Мурабийликка ҳали бор, деб ўйлайман. Лекин кўп мураббийлар билан ишладим. Ҳаммасидан яхши нарсаларни ўзимга олиб қўйганман. Кўрамиз, келажакда балки ўрганганларим асқотиб қолар.
Фарҳод Бекмуратов: «Тез орада келажагим борасида қарор қабул қиламан»
Футбол
17 ноябр, 10:36
Tribuna.uz мухбири «Орол» билан Суперлигага йўлланма олган футболчи билан суҳбатлашди.
Фото: Арал ПФК