«Арсенал» ҳимоячи Перо Инкапие билан шартномани узайтириш бўйича музокаралар олиб бормоқда. Бу ҳақда BBC хабар берди.
24 ёшли эквадорлик футболчи ўтган ёзда «Баер»дан ижара асосида Лондон клубига ўтганди. Мавсум якунлангач, «Арсенал» футболчини сотиб олиш бандини фаоллаштирди. Шундан буён Инкапие Микел Артета жамоасининг муҳим аъзоларидан бирига айланди ва барча мусобақаларда 47 та баҳсда майдонга тушди.
Ҳимоячининг амалдаги шартномаси якунланишига ҳали тўрт йилдан кўпроқ вақт бор. Шунга қарамай, томонлар келишувни молиявий шартларни яхшилаган ҳолда яна бир йилга узайтиришга тайёрланмоқда.
Бундан ташқари, «Арсенал» чап қанот ҳимоячиси Рикардо Калафиори билан ҳам шартномани узайтириш бўйича музокараларни бошламоқчи. 24 ёшли италиялик футболчи 2024 йилда «Болоня»дан келганидан буён Артетанинг режаларида муҳим ўрин эгаллаб келмоқда.
Калафиорининг амалдаги шартномаси 2029 йил ёзигача мўлжалланган. Янги келишув бўйича музокаралар яқин вақт ичида бошланиши кутилмоқда.