«Манчестер Сити» дарвозабони Жеймс Траффорд фаолиятини «Тоттенҳэм»да давом эттириши мумкин.
The Independent хабарига кўра, Лондон клуби 23 ёшли посбонни ўз сафига қўшиб олишга қизиқиш билдирмоқда. Футболчининг ўзи ҳам мунтазам ўйин амалиётига эга бўлишни истайди ва Жанлуижи Доннарумма ортида захирада қолишни режалаштирмаяпти.
Ўтган ёзда «Манчестер Сити» Траффордни асосий дарвозабон сифатида харид қилганди. Бироқ кейинчалик клуб «ПСЖ»дан Доннаруммани трансфер қилгач, англиялик посбон иккинчи дарвозабонга айланди.
Эслатиб ўтамиз, Жеймс Траффорд ўтган мавсум барча мусобақаларда 17 та учрашувда майдонга тушиб, 13 та гол ўтказиб юборди ва 8 та ўйинда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди.
Маълумот учун, Тransfermarkt портали 23 ёшли дарвозабоннинг трансфер қийматини 25 миллион еврога баҳоламоқда.