Германия миллий жамоасининг собиқ яримҳимоячиси Бастиан Швайнштайгер миллий жамоанинг сўнгги йиллардаги омадсиз натижалари ҳақида фикр билдирди.
Bild нашрига берган интервюсида у немис футболига «Бавария»ни бошқарган даврда Пеп Гвардиоланинг таъсири жуда кучли бўлганини таъкидлади.
«Менимча, биз Пеп Гвардиоланинг фалсафаси таъсирига ҳаддан ташқари берилиб кетдик. У 2013–2016 йилларда «Бавария»ни бошқарган пайтда бу таъсир жуда кучли эди. Шундан кейин Германия миллий жамоасининг қандай натижаларга эришганига қаранг», — деди Швайнштайгер.
Собиқ футболчи Евро-2016 яримфиналидан кейин жамоа аввалги даражасига қайта олмаганини ҳам қайд этди.
«Евро-2016 яримфиналидан сўнг бизнинг энг яхши натижамиз чоракфинал бўлди. Ҳолбуки, ундан аввал узоқ йиллар давомида Германия миллий жамоаси камида яримфиналгача етиб борарди», — дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Пеп Гвардиола 2013–2016 йилларда Мюнхеннинг «Бавария» клубини бошқарган. Бастиан Швайнштайгер эса Германия миллий жамоаси сафида 2014 йилги жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.