Белгия миллий жамоаси дарвозабони Тибо Куртуа янги бош мураббий Марк ван Боммел билан ишлашга тайёрлигини маълум қилди. Бироқ у миллий жамоадаги фаолиятини давом эттириш учун битта шартни илгари сурди.
34 ёшли посбоннинг айтишича, у УEФА Миллатлар лигаси баҳсларида дам олиш имкониятига эга бўлишни истайди. Шундан сўнг Евро саралаш баҳсларига қайтиш масаласини мураббийлар штаби ва Белгия футбол федерацияси билан муҳокама қилади.
«Марк ван Боммелнинг тайинланиши мен учун кутилмаган воқеа бўлмади. Унинг номи аввалдан тилга олинаётганди. Менимча, у «Антверпен»да ўзини юқори савиядаги мураббий сифатида исботлаган. Кўплаб футболчилар у ҳақида илиқ фикр билдиради ва мен ҳам у билан ишлашни интиқлик билан кутяпман», — деди Куртуа.
Дарвозабон Ван Боммелнинг футболчилик фаолиятини ҳам алоҳида эътироф этди.
«У энг юқори даражада футбол ўйнаган ва бундай баҳсларнинг қандай ўтишини яхши билади. Бу тажриба мураббий сифатида ҳам унга катта ҳурмат келтиради», — дея қўшимча қилди у.
Маълумот учун, Тибо Куртуа Белгия миллий жамоаси сафида 115 та баҳсда майдонга тушган. Марк ван Боммел эса мураббийлик фаолияти давомида «Антверпен» билан Белгия чемпионлиги, мамлакат кубоги ва Суперкубогини қўлга киритган.