«Бавария» футболчиси Исмоил Сайбари ўзига хос натижа қайд этди.
Марокашлик футболчи Бундеслиганинг 1-турида «Штутгарт»га қарши баҳснинг 61-дақиқасида захирадан майдонга тушди. Сўнг у 82 ва 90+2-дақиқаларда жамоадошларига ассистентлик қилиб, «Бавария»нинг йирик ҳисобдаги ғалабасига (5:1) ҳисса қўшди.
Opta маълумотларига кўра, Сайбари Тони Кроосдан кейин «Бавария» таркибида чемпионатдаги дебют учрашувида захирадан майдонга тушиб, иккита ассист қайд этган биринчи футболчи бўлди. Германиялик собиқ яримҳимоячи бу натижани 2007 йил сентябр ойида амалга оширганди.
Маълумот ўрнида, Исмоил шу ёзда Нидерландиянинг ПСВ клубидан «Бавария»га кўчиб ўтди. Трансфер қиймати 50 миллион еврони ташкил қилганди.