Бразилия футболи афсонаси Роналдо ЖЧ-2026 олдидан миллий жамоанинг имкониятлари ҳақида фикр билдирди.
Икки карра жаҳон чемпионининг фикрича, Бразилия яна мундиал ғолибига айланиш учун барча имкониятларга эга.
«Бизда дунёнинг энг яхши футболчилари ва барча даврларнинг энг кучли мураббийларидан бири бор. Мухлислар ҳам муваффақиятга ишонишлари керак.
Йўл осон бўлмайди, бироқ имконсиз ҳам эмас. Биз буни беш марта уддалаганмиз ва яна такрорлай оламиз», — деди Роналдо.
Афсонавий ҳужумчи бразилиялик мухлисларнинг ўзига хос характери ҳақида ҳам гапирди.
«Олдинги беш чемпионликнинг ҳеч бирида бразилияликлар чин дилдан ишонмаган. Улар одатда ғалабадан кейин байрам қилишни афзал кўришади», — дея қўшимча қилди у.
Роналдо Карло Анчелоттининг Неймарни Жаҳон чемпионати таркибига киритиш қарорини ҳам қўллаб-қувватлади.
«Анчелотти Неймарни таркибга қўшиб, жуда тўғри қарор қабул қилди. У ҳал қилувчи вазиятларда жамоага ёрдам бера олади. Неймар шундай истеъдод ва даҳога эгаки, биз усиз ишлай олмаймиз. Ҳатто майдонга 20 дақиқага тушса ҳам, ўйин тақдирини ўзгартириб юбориши мумкин», — деди бразилиялик афсона.
Маълумот учун, Бразилия миллий жамоаси ЖЧ-2026 гуруҳ босқичида Марокаш, Ҳаити ва Шотландияга қарши баҳс олиб боради.