Тошкентликлар мусобақанинг дастлабки турида амалдаги чемпион «Ал Аҳли» билан 1:1 ҳисобида дуранг ўйнаган эди. Навбатдаги рақибнинг тарихи, эришган ютуқлари, таркиби ва бу мавсумдаги натижаларига батафсил тўхталамиз.
«Ал Қодисия» Саудия Арабистонининг шарқида жойлашган Ал Хобар шаҳри шарафини ҳимоя қилади. Клуб 1967 йилда ташкил топган бўлиб, қарийб 59 йиллик тарихга эга. Жамоа мухлислар орасида «Шарқ рицарлари» ва «Шарқий вилоят фахри» лақаблари билан машҳур.
2023 йилда Саудия Арабистонининг йирик нефть компанияси — «Saudi Aramco» клубни ўз тасарруфига олди. Мазкур воқеадан кейин «Ал Қодисия»нинг молиявий имкониятлари сезиларли даражада ошди. Жамоа мамлакатнинг етакчи клублари қаторига кириш мақсадида катта сармоя сарфлашни бошлади.
«Ал Қодисия» ўз уй учрашувларини Даммам шаҳридаги шаҳзода Муҳаммад бин Фаҳд стадионида ўтказади. Ушбу арена 26 минг мухлисни ўз бағрига сиғдира олади. Шунингдек, клуб учун Ал Хобар шаҳрида 47 минг ўринли янги «Aramco» стадиони барпо этилмоқда. Мазкур иншоот 2027 йилги Осиё кубоги ва 2034 йилги Жаҳон чемпионати ўйинларини ҳам қабул қилиши режалаштирилган.
«Ал Қодисия» Саудия Арабистони чемпионатида ҳозирга қадар олтин медалларни қўлга киритмаган бўлса-да, клуб тарихида муҳим совринлар мавжуд. Жамоа 1991/92 йилги мавсумда Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзода кубогини, 1993/94 йилги мавсумда эса мамлакат Федерация кубогини қўлга киритган.
Жамоанинг халқаро майдондаги энг катта ютуғи ҳам 1993/94 йилги мавсумга тўғри келади. «Ал Қодисия» Осиё кубок эгалари кубогида ғолиб чиқиб, қитъа миқёсидаги илк йирик совринини қўлга киритган. Ўша мусобақа финалида Саудия Арабистони вакиллари Ҳонгконгнинг «Саут Чайна» клубидан устун келган.
Сўнгги йилларда «Ал Қодсия» ривожланишнинг янги босқичига кўтарилди. 2023/24 йилги мавсумда мамлакат биринчи дивизионида ғолиб чиққан жамоа Саудия Арабистони Про лигасига қайтди. 2024/25 йилги мавсумда эса чемпионатни 4-ўринда якунлаш билан бирга, мамлакат Қирол кубоги финалига қадар етиб борди. Ҳал қилувчи баҳсда «Ал Иттиҳод»га имконият бой берилди.
2025/26 йилги мавсумда ҳам «Ал Қодисия» юқори натижаларни қайд этди. Жамоа 34 учрашувда 77 очко тўплаб, чемпионатни яна 4-ўринда якунлади. Мавсум давомида рақиблар дарвозасига 83 та гол киритилди ва бу натижа клубнинг ҳужумдаги имкониятлари қанчалик юқори эканини кўрсатди.
Жамоани айни пайтда шимолий ирландиялик мутахассис Брендан Рожерс бошқармоқда. У 2025 йилнинг 16 декабрь куни «Ал Қодисия» бош мураббийи этиб тайинланган ва клуб билан 2028 йилга қадар мўлжалланган шартнома имзолаган.
Рожерс бунга қадар «Ливерпул», «Суонси», «Лестер Сити» ва «Селтик» клубларида фаолият олиб борган. У «Лестер» билан Англия кубогини, «Селтик» билан эса Шотландия чемпионлиги ва мамлакат кубокларини қўлга киритган.
Рожерс бошқарувида «Ал Қодисия» ҳужумкор футбол намойиш этмоқда. Мутахассис жамоа бошқарувига келганидан кейин клуб мамлакат чемпионатида кетма-кет 17 та учрашувдан иборат мағлубиятсиз серия қайд этди. Унинг раҳбарлигида лигада ўтказилган дастлабки 25 та учрашувда жамоа атиги бир марта мағлубиятга учради.
«Ал Қодисия» таркиб жиҳатидан ҳам Саудия Арабистонининг энг кучли жамоаларидан бири ҳисобланади. Клубда Белгия миллий жамоаси дарвозабони Кун Кастелс, «Реал»нинг собиқ ҳимоячиси Начо Фернандес, Уругвай миллий жамоаси аъзоси Найтан Нандес, германиялик Юлиан Вайгл, Италия миллий жамоаси ҳужумчиси Матео Ретеги ҳамда мексикалик Хулиан Киньонес тўп тепмоқда.
Айниқса, Хулиан Кинонес жамоанинг асосий ҳужум қуроли ҳисобланади. Мексика миллий жамоаси футболчиси 2025/26 йилги Саудия Арабистони чемпионатида 33 та гол киритиб, мусобақанинг энг яхши тўпурарига айланди. Унинг юқори натижалари 2026 йилги «Олтин тўп» совринига номзодлар қаторига киритилишига ҳам хизмат қилди.
Ёзги трансферлар ойнасида «Ал Қодисия» ўз таркибини янада кучайтирди. Клуб «Манчестер Сити»дан Нидерландия миллий жамоаси яримҳимоячиси Тижани Рейндерсни трансфер қилди. 28 ёшли футболчи билан беш йиллик шартнома имзоланди. Шунингдек, «Ал Ҳилол»дан Муҳаммад Ал Қаҳтоний ва «Ар Риёд»дан Султон Ҳорун сингари маҳаллий футболчилар ҳам жамоага қўшилди.
Жамоанинг саудиялик футболчилари орасида ҳам миллий терма жамоа аъзолари бор. Айниқса, 23 ёшли Мусаб Ал Жувайр клубнинг асосий ўйинчиларидан бири ҳисобланади. Ярим ҳимоячи 2025/26 йилги чемпионатда 6 та гол ва 11 та голли узатмани қайд этиб, мавсумнинг энг яхши саудиялик футболчиси деб топилди. Шунингдек, Ясир Ал Шаҳроний ва Турки Ал Аммар каби маҳаллий футболчилар ҳам жамоа таркибидан ўрин олган.
«Ал Қодсия» ОФК Элит Чемпионлар лигасидаги дебют учрашувини ғалаба билан бошлади. Жамоа 1-турда БААнинг «Ал Васл» клубини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Мазкур баҳсда Саудия Арабистони вакилларининг голларига Хулиан Киньонес ва Матео Ретеги муаллифлик қилди.
«Ал Қодисия» мамлакат чемпионатининг жорий мавсумида ҳам яхши натижалар кўрсатмоқда. Жамоа дастлабки 7 та учрашувда 5 та ғалаба, 1 та дуранг ва 1 та мағлубият қайд этиб, 16 очко билан турнир жадвалининг 4-поғонасидан жой олган. Ушбу учрашувларда рақиблар дарвозасига 16 та гол киритилиб, 8 та тўп ўтказиб юборилган.
Эслатиб ўтамиз, Элит Чемпионлар лигасининг 2-туридан ўрин олган «Пахтакор» — «Ал Қодисия» учрашуви 12 октябр куни Тошкент шаҳридаги «Пахтакор» марказий стадионида бўлиб ўтади. Баҳс Тошкент вақти билан 18:45 да старт олади.
Мухлислар бу янгиликни Telegram’да муҳокама қилмоқда
Изоҳлар Telegram’да очилади