Матбуот анжуманини «Пахтакор» бош мураббийи Камолиддин Тожиев билан давом эттирамиз.
- Ассалому алайкум. Ўйинни яхши бошладик ва охиригача яхши ўтказдик. Учта гол урдик. Бугунги ғалаба биз учун жуда муҳим эди. Йигитлар ҳам буни тушуниб туришганди. Шунинг учун ҳаммаси майдонга тушиб, охиригача курашишди ва ғалабага эришишди. Жуда муҳим ғалаба бўлди. Уларга раҳмат айтаман.
- Биринчи бўлимнинг ўзидаёқ уч-тўртта гол уриш мумкин эди. Мен учта голли вазиятни санадим, яна битта гол бекор қилинди. Иккинчи бўлимда ҳам имкониятлар бўлди. Хуллас, ҳисоб 7:1 бўлиши керак эди. Балки вазиятларни якунлаш бўйича ишлайдиган алоҳида мутахассис керакдир? Чунки имкониятлар кўп, аммо уларнинг 80 фоизидан фойдаланилмаяпти. Менимча, бу жиддий муаммо.
- Ҳа, бу бизда анчадан бери давом этиб келаётган муаммо. Унинг устида ишлаяпмиз. Худога шукр, голлар ҳам уряпмиз. Бу борада ишлашда давом этамиз. Энг асосийси — меҳнат қилиш ва камчиликлар устида ишлаш. Анчадан бери кўплаб вазиятлар яратяпмиз, уларни якунлаш борасида ҳам ишлаяпмиз. Фақат ишлашимиз керак.
- Ўша ўйинларнинг 80 фоизида вазиятлардан фойдаланиш муаммоси кузатилган. Турнир жадвалига қарасангиз, доим бир хил муаммо: реализация, реализация ва яна реализация. Бу муаммо ҳозиргача ҳал бўлмаяпти.
- Биз барибир ишлашда давом этамиз. Шу муаммо устида ишлаяпмиз ва ишлашда давом этамиз. Ҳозир бирор мутахассисни таклиф қилган тақдиримизда ҳам, у бизга ёрдам бера оладими-йўқми, деган масала бор.
- Айман Ҳусайннинг трансферини қанчалик муваффақиятли деб ҳисоблайсиз? Унинг ўйинларидан қониқяпсизми? Ундан олдинроқ жамоага келган Стефан Чинедуга эса нима учун асосий таркибда камроқ ўйин амалиёти берилмоқда?
- Аймандан кўпроқ фойда кутаётгандик, шунинг учун уни жамоага таклиф қилганмиз. Лекин у ҳам жамоага ёрдам беряпти. Айрим жиҳатларда яхши ишлаяпти, барибир голлар ҳам уряпти. Унинг трансферидан ҳам қониқиш ҳосил қиляпмиз.
Чинедуга келсак, футболчиларнинг машғулотлардаги ҳолатига қараб қарор қабул қиламиз: ким тайёр, ким ҳали тайёр эмас. Олдинда ҳали кўплаб ўйинлар бор. Ҳаммасига ўйин амалиёти беришга ҳаракат қиламиз.
- Навбатдаги рақибни ўрганишни бошладингларми? «Ас Садд» қандай жамоа? Ундан кейин эса «Навбаҳор» билан ўйин кутиб турибди.
- Ҳозир олдимизда «Ас Садд» билан ўйин турибди. Биз уни икки-уч кундан бери, бундан олдин ҳам кузатиб, таҳлил қилиб келяпмиз. Бу учрашувда ҳимоявий ўйнашни ҳам билишимиз керак. Лекин бу ўйин услубимизни бутунлай ўзгартирамиз, дегани эмас. Ўз майдонимизда ўйнаймиз ва услубимизни ўзгартирмаймиз.
- Форс манбаларида Башар Ресаннинг «Персеполис» клубига қайтиши мумкинлиги ҳақида ўқидим. Футболчининг ўзи ҳам камроқ маош эвазига бўлса-да, ушбу клубга ўтишга рози экани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу маълумотлар қанчалик ҳақиқатга яқин?
- Йўқ, йўқ, бу нотўғри маълумот. «Пахтакор»да бундай ҳолат йўқ», - дея Тожиевнинг сўзларини келтиради Tribuna.uz журналисти.